Биринчи ярим йиллик давомида саноат маҳсулотлари 4,5, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 18,9, қурилиш ишлари 12,8, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 6,8, хизматлар ҳажми 15,5, чакана савдо айланмаси 14,5 фоизга ошди.
Бандлик дастури ижроси доирасида жорий йилнинг биринчи ярмида 40 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 2,8 трлн. сўмдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш имконини берди. Инвестицияларнинг 57,1 фоизи ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилган.
Ҳисобот даврида саноат дастурига асосан 44,1 млрд. сўмлик инвестиция ҳисобидан 246 лойиҳа амалиётга татбиқ этилди. Шундан 164 таси янги ишга туширилган саноат корхонаси бўлса, 82 тасида модернизация ишлари амалга оширилди. Президентимизнинг 2013-йил 2-августдаги “2013-2016-йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дасуруламал бўлмоқда.
Жорий йилнинг олти ойида 28 янги корхона ишга туширилди. Вилоятдаги хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 50 тага етиб, уларнинг саноат маҳсулотларидаги улуши 10-12 фоизни ташкил этмоқда.
Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида 1 минг 32 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнесни молиявий-қўллаб қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 5 минг 320 тадбиркорлик субъектига 491,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди.
Ҳисобот даврида хизматлар ҳажми 2 триллион 61 миллиард сўмни ташкил этди. 703 савдо ва хизмат кўрсатиш объекти фойдаланишга топширилди. Уларнинг 460 таси қишлоқ жойларда ишга туширилди.
Вилоятда туризмни ривожлантириш, экспорт ҳажмини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда фаолият юритаётган 28 туристик корхона томонидан 3,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди. Хорижлик сайёҳларга кўрсатилган хизматлардан тушган маблағ 228 минг долларни ташкил этди.