Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 24/10/2023 Қарши туманида янги шифохона қурилади
Қарши туманида янги шифохона қурилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлатимиз раҳбари Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.

Унинг биноси ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган. Шифохона 228 бемор ўрнига ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамровга ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.

Президентимиз тиббий бўлимлар ва хоналарга кириб, асл аҳволни кўздан кечирди. Бу ерга келган беморлар билан суҳбатлашди.

– Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг 3 ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш – менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу маскан бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

Шунингдек, ташриф чоғида кадрлар салоиҳиятини ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, шифохона атрофини тартибга келтириш масалалари ҳам айтиб ўтилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг