Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти делегацияси Жанубий Кореяга ташрифи давомида Пёнтек шаҳрида бўлиб, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда бир қатор келишувларга эришди.
Икки ҳудуднинг расмийлари, тадбиркорлари ҳамда компаниялар раҳбарлари иштирокида бизнес- форум бўлиб ўтди.
Шаҳар мэри Жонг Чанг Сон, шаҳар Савдо-саноат палатаси раҳбари Кан-су Ли Фарғона ва Пёнтек ўртасида тўғридан-тўғри йўлга қўйилган алоқалар янги босқичда давом этаётганлигини таъкидлаб, ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг дастлабки жараёнига киришилганлигини маълум қилишди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Корея Республикаси Ўзбекистон учун ишончли ва вақт синовидан ўтган доимий ҳамкор эканлигини алоҳида таъкидлаб, Пёнтек ва Фарғона вилояти ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик фаоллашаётганига эътибор қаратди. Барча соҳаларда икки томонлама манфаатли алоқаларни янада жадаллаштириш, иқтисодий зоналарни ташкил этиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни вилоятимизда амалга ошириш учун барча шароитлар яратиб берилиши айтиб ўтилди. Кореялик тадбиркорларни вилоятга таклиф қилди.
Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов икки ҳудуд ҳамкорлигини юқори баҳолаб, келишувлар самарали бўлишини, ишончли ва дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланишини таъкидлади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровга Пёнтек шаҳрининг фахрий фуқароси унвони топширилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Нуриддин Мамажонов Фарғонанинг инвестициявий салоҳияти, инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида тақдимот ўтказди.
Тадбирда Пёнтекнинг етакчи компаниялари ва фарғоналик тадбиркорлар билан саноат, савдо, энергетика, таълим каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишилди.
Йирик денгиз портига эга бўлган Пёнтек шаҳри Жанубий Кореянинг Кёнгидо провинциясида жойлашган. Ушбу шаҳар улкан савдо-иқтисодий салоҳиятга эга бўлиб, жадал ривожланмоқда. Ярим ўтказгичлар, водород иқтисодиёти ва келажак автомобиллари соҳаларининг маркази ҳисобланади.