Путин ва Трамп 15 август куни Аляскада учрашади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Дональд Трамп 15 август куни Аляскада учрашув ўтказадилар. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга маълум қилди ва америкалик томон келишув ҳақида расман эълон қилганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, икки давлатнинг географик яқинлигини ҳисобга олганда, саммитни Аляскада ўтказиш мутлақо мантиқий — Россия делегацияси Берингов бўғози орқали бевосита парвоз қилиши мумкин.
Бундан аввал Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги хабарда 15 август куни Путин билан учрашиш ниятини тасдиқлаган эди. Бу уларнинг 2025 йил январда Трамп Оқ уйга қайтганидан кейинги илк шахсий учрашуви бўлади.
7 август куни Юрий Ушаков тарафлар яқин кунларда музокаралар ўтказишга келишганини айтди. Ўша куни Владимир Путин ҳам учрашувга тайёргарлик кетayotganини тасдиқлаб, мулоқотга қизиқиш икки томонлама эканини таъкидлади.
Саммит ҳақидаги баёнотлар 6 август куни АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткоффнинг Москвага ташрифидан сўнг янгради. Ушбу ташриф доирасида Уиткофф Россия президенти билан тахминан уч соат давом этган музокаралар ўтказди.