Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг таклифига асосан «Сирдарё» эркин иқтисодий зонасини «Жиззах» ЭИЗ Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги филиали ва Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги кичик саноат зонаси негизида ташкил этилди.
«Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
— Сирдарё вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардош, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш;
— мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш;
— эркин иқтисодий зона корхоналари ўртасида ҳамда бошқа маҳаллий корхоналар билан мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш асосида маҳаллий хом ашё ва материаллардан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш;
— «Сирдарё» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, ушбу ҳудудда сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш;
— эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этишда ва уларнинг эркин иқтисодий зонада жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташида қатнашиш.
Фармонга мувофиқ, «Сирдарё» ЭИЗ таркибига киритилган ер майдонлари Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг бевосита тасарруфида бўлиши, унинг фаолият юритиш муддати 30 йилни ташкил этиши ва бу муддат кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги, «Сирдарё» ЭИЗ фаолият юритадиган муддат давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ ва божхона тартиблари амал қилиши ҳамда «Сирдарё» ЭИЗ иштирокчиси мақоми Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг қарори билан берилиши белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Сирдарё вилояти Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши билан биргаликда икки ой муддатда Сирдарё вилоятининг мавжуд минерал–хом ашё ресурсларини инобатга олган ҳолда, «Сирдарё» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича аниқ таклифлар – «йўл харита»лари ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифаси топширилди.