Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугун Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади ва уларнинг бир гуруҳига давлат мукофотларини топширади.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги илк учрашуви 2021 йил 20 августида ўтказилган эди. Ўша учрашувда давлатимиз раҳбари бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.
Шундан буён учрашувлар анъанавий равишда ўтказиб келинаётгани, уларда тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинаётгани ва улар билан маслаҳатлашган ҳолда қарорлар қабул қилинаётгани Президентимизнинг тадбиркорлик соҳасига қаратаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлиб келмоқда.
Шу кунгача очиқ мулоқотларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 1 мингга яқин таклиф ва ташаббуслар қонун ва қарорларда ўз аксини топди. Бугунги очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. “Колл-марказ” орқали 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушди.
Бугунги учрашувда давлатимиз раҳбари ушбу мурожаатларни ўрганиш асосида ишлаб чиқилган ҳамда тадбиркорлик фаолиятига янада кўп қулайлик яратишга қаратилган янги ечимларни илгари суриши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишади.