Президент саноат корхоналарини бориб кўрди
Президент Шавкат Мирзиёев 2 август куни “Ангрен” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.
2012 йилда ташкил этилган мазкур иқтисодий зона сўнгги йилларда ҳам ҳудуд, ҳам салоҳият жиҳатидан кенгайди. У Ангрен шаҳри, Оҳангарон шаҳри ва тумани, Бекобод шаҳрининг бир қисмини қамраб олган. Бугун ушбу зонада 76 та корхона, уларда 11 мингдан зиёд аҳоли ишламоқда.
Улардан бири – “Premier elektrotech” масъулияти чекланган жамиятининг 23 миллион долларлик лойиҳаси. Ўтган йили декабрда ишга тушган бу корхона йилига 100 минг дона кир ювиш машинаси ва 200 минг дона совутгич ишлаб чиқариш ҳамда 1 миллион долларлик экспорт қуваатига эга. 350 киши иш билан таъминланган.
Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, уни кенгайтириш учун қурилиш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич шу йил декабрда фойдаланишга топширилади ва иш ўринлари 450 тага етади.
Жамият томонидан, шунингдек, телевизор, кондиционер каби бошқа маиший техникалар ҳам ишлаб чиқарилади. Рақобатбардош бу маҳсулотлар МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари Оҳангаронда тайёр саноат инфратузилмаси борлиги, бу хорижий инвестициялар жалб этиш учун катта имконият эканини таъкидлади. Шу каби корхоналарни кенгайтириш мақсадида электротехника саноати зонасини ташкил этиш таклифи билдирилди.
Оҳангарон металл қувурлар заводининг жойи беш йил олдин унумсиз дала эди. 2018 йилдан бошлаб саноат мажмуаси барпо этилди. 49 миллион долларлик бу лойиҳа учун ускуналар Туркиядан олиб келинди. Йиллик 205 минг тонна металл маҳсулотлар тайёрлаш қуввати яратилиб, 250 та иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 6 ойида қарийб 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
“Silk plast quality” корхонасида йилига 13 минг тонна полимер қувурлар ва фитинг маҳсулотлари тайёрланади. 78 кишининг бандлиги таъминланган.
Давлатимиз раҳбари шу ерда “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Янги лойиҳаларни шакллантириш, аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
“Ангрен” эркин иқтисодий зонасида яна 42 та лойиҳа бўйича ишлар бошланган. Уларда 5 мингдан зиёд иш ўрни очилади.