Президент Самарқандни ривожлантириш имкониятларини кўрсатиб ўтди
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар бўйича йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда вилоят изчил ривожланмоқда. Лекин бу барча туманларда мутаносиб эмас.
Масалан, ҳудуд саноатининг қарийб ярми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Ўтган етти ойда вилоятда 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Лекин уларнинг 78 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келган. Сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, сувни тежаш етарли эмас.
Шу каби таҳлиллардан келиб чиқиб, Президентимиз тадбиркорлик, инвестиция, саноат, туризм соҳаларидаги имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Маҳаллаларда тадбиркорлик ва деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, узум ва писта етиштиришни кўпайтириш, серқатнов йўллар бўйида хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолини ишли қилиш зарурлиги таъкидланди.
“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 15 та тумандаги ҳудуди ва вилоятдаги 106 та саноат зонасини инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 170 миллиард сўм ажратилган. Лекин уларда 620 гектар ер бўш турибди. Мутасаддиларга инфратузилма муаммосини ҳал этиб, ушбу майдонларга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди.
Оқдарё ва Пастдарғомдаги подстанцияларни янгилаш, йил якунигача Каттақўрғон тумани ва Самарқанд шаҳрида қуввати 250 мегаватт бўлган 2 та қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифаси қўйилди.
Вилоятда туризм соҳасида 20 мингта доимий иш ўрни яратиш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бунинг учун жозибадор дастурларни кўпайтириш, йўлларни ва жамоат транспортини қулай қилиш зарурлиги таъкидланди. Туризм салоҳияти юқори 100 та маҳалла ва қишлоқда “туризм ипотекаси” дастури асосида янги саёҳат манзиллари очиш бўйича кўрсатма берилди.
- Одамларимиз биз белгилаб олган жуда катта вазифаларнинг ижросини кутяпти. Ҳар бир ҳоким ҳудудидаги имкониятдан тўғри фойдаланиб, маҳсулот чиқариб, одамларга иш ўрни яратмаса, буни четдан келиб ҳеч ким қилиб бермайди. Натижадорликни ҳар йили ошириб бориш зарур. Қолган тўрт ой келгуси йилга мустаҳкам замин ясайдиган ойлар бўлиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа мутасаддилари ахборот берди.
Шу билан давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.