Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби пойтахтимизда ҳам саноатни жадал ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналишида эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича улкан мақсад ва вазифалар белгиланган. Президентимиз раҳбарлигида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Шавкат Мирзиёев 3 февраль ва 25 март кунлари Тошкент шаҳридаги саноат объектларига ташриф буюриб, улардан самарали фойдаланиш, корхона ва тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Бугунги кунда ушбу объектларда янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда.
Чилонзор туманидаги “Реле ва автоматика” акциядорлик жамиятининг умумий ер майдони 3,91 гектар, ишлаб чиқариш майдони 2,26 гектар. Бу ерда юзга яқин турдаги металл ва пластмасса буюмлар, паст кучланишли қурилмалар тайёрланмоқда, шу йўналишда хизматлар кўрсатилмоқда. Ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун яхши имконият, зарур инфратузилма мавжуд.
Жамиятнинг бўш турган бинолари негизида технопарк ташкил этилиб, 2017-2018 йилларда 10 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар натижасида бу ерда касса ва терминал учун қоғозлар, трикотаж маҳсулотлари, гидравлика мойлари, пластик труба ва фитинглар, пропилен қоплар, мебель, акрил ва канцелярия товарлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари бу ерда импорт товарларни маҳаллийлаштирадиган, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. ЎзА.