Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 25/03/2024 Президент “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлди
Президент “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида бўлди.
Маҳаллаларда шаклланган касб-ҳунарларни ривожлантириб, драйверга айлантириш, шу орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уйчи туманидаги Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларида темирчилик шундай йўналиш. 
2021 йилда бу ерда темирчиликка ихтисослашган саноат зонаси ташкил этилиб, хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратиб берилди. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланди. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу ерда ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.
Саноат зонасида биринчи босқичда 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Усталар хомашёни “Азия металл проф” корхонаси ва Тошкент металлургия заводидан олиб, темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқармоқда.
Жойларда бу маҳсулотларга талаб юқори. Шу боис тадбиркорлар барча вилоятларда ўз савдо уйлари ва ишлаб чиқариш филиалларини очган. Бундан ташқари,  қўшни давлатларга 1,2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.  
Иккинчи босқичда яна 45 та лойиҳани амалга ошириш, 1 минг 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Президентимиз мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ёшларни ва ишсиз фуқароларни ҳунарга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ерда маҳаллабай ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.
Сайхунобод тажрибаси асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганган. 
- Мен Сайхунободда “бу йил иқтисодиётимизда ҳаётий уйғониш ва юксалиш йили бўлади” дедим. Мақсад - инсон салоҳиятига капитал йўналтириш, уни ҳаракатга ундаш, дунёқарашни ўзгартириш. Уйчи тумани ҳам иқтисодиёти оғир ҳудуд. Ушбу тизим асосида ишсизларга томорқадан даромад топиш, ўз ишини очиш, қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш керак, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Қумтепа маҳалласи марказида ҳам бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. 
Мазкур маҳаллада 5 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Хонадонлар метални қайта ишлаш, деҳқончилик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган. 
Бу йил маҳалла қиёфаси яхшиланди. Маҳалла идораси учун янги бино қурилди. Барча хонадонлар ичимлик суви таъминотига уланди. Ички йўллар, электр тармоқлари таъмирланди. “Яшил макон” дастури доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Маҳаллада тикувчилик цехи, гўзаллик салони, спорт майдончалари, тиббиёт пункти, кутубхона, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Янги маҳалла биносида Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ҳам ташкил этилди. Бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар айрим давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Президент буни маъқуллаб, давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни иложи борича маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг