Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги 2018 йил 4 январь куни имзоланган қарори билан тасдиқланди.
Ҳужжат халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва мамлакат иқтисодиётига техник кўмакни кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки (ЕИБ) ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ЕИБ фаолияти тўғрисидаги шартномаси 2017 йилнинг 13 октябрь куни Вашингтон (АҚШ) шаҳрида имзоланган эди.
Ўзбекистон раҳбари Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ЕИБ билан ҳамкорлик қилиш ва ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул орган сифатида белгилади.
Адлия вазирлигига ЕИБ учун Ўзбекистон Республикаси ва Европа инвестиция банки ўртасида Асосий битимнинг амал қилиш муддати бўйича қабул қилиниши мумкин бўлган ҳуқуқий хулосани ўз вақтида тақдим этиш топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мазкур халқаро шартнома кучга кириши учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикасининг ички тартибларини амалга ошириш тўғрисида тегишли билдиришнома юбориш топширилди.