Президент давлатимизнинг юксак мукофотларини топширди
Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан, чет эллик инвесторлар “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.
30 август куни Кўксаройда ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Давлатимиз раҳбари маросим иштирокчиларини аввало Мустақиллик байрами билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этди. Бу даврда мамлакатимиз катта тараққиёт йўлини босиб ўтгани, барча соҳаларда ўзгаришлар бўлаётгани таъкидланди.
– Халқ манфаатини таъминлаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ишлаб чиқдик. Унинг лойиҳасини муҳокамага қўйганимизда 1 миллиондан кўп таклифлар келиб тушди. Бу нимадан далолат? Халқимиз бефарқ эмас. Йўналишларимизни, камчиликларимизни кўрсатиб беряпти. Бу биз учун “йўл харитаси”. Давлатга энг катта ҳакам – халқ, – деди Президент.
Бу муҳим ҳужжатда Ватанимиз мустақиллигини ва тинчлигини асраш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, халқимиз ҳаётини обод ва фаровон қилиш, фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялаш вазифалари белгиланган.
– Содда қилиб айтганда, бизнинг мақсадимиз битта: у ҳам бўлса, Янги Ўзбекистонда халқимиз яйраб ишлайдиган, ҳаётдан рози бўлиб, яйраб яшайдиган давлат қуришдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бунинг замини, аввало, тинчлик, барқарорлик. Халқимиз бунинг қадрига етиб, интилиш, меҳнат руҳида яшамоқда. Янги-янги замонавий саноат корхоналари ишга туширилмоқда. Илм-фан, технологиялар, хизмат кўрсатиш борасида муҳим натижалар қўлга киритилмоқда. 2022 йил якунларига кўра, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичи 5,7 фоизни ташкил этди.
Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида шинам уй-жойлар, йўл ва кўприклар, шифохоналар, боғча, мактаб, маданият ва спорт марказлари бунёд этилмоқда. Табиат қийинчиликларига қарамасдан, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиниб, озиқ-овқат хавфсизлигини, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга эришилмоқда.
Шулар ҳақида гапирар экан, Президентимиз улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг “Бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, деган сўзларини келтирди.
Бунинг ифодасини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига, жумладан, кекса авлод вакиллари, аёллар ва ёшларга ғамхўрликда яққол кўриш мумкин. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим бериш, замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, инфратузилмани яхшилаш ҳисобидан республикамизда камбағаллик даражаси сезиларли пасаймоқда.
Давлатимиз раҳбари маҳаллалардаги ишларни, одамларнинг фаоллигини қайд этди.
– Биз биринчи кундан халқ ичига кириб боряпмиз. Кўп тизимларни маҳаллага туширяпмиз. Нимага? Маҳалла – давлатчилигимизнинг замини. Агар 9 минг 400 та маҳалла тинч бўлса, юртимиз тинч бўлади. Инвестиция ҳам, таълим-тарбия, қурилиш, ободонлаштириш ҳам маҳаллада бўлса, қандай ўзгариш бўлади?! Мана, “Очиқ бюджет” орқали одамлар ўз муаммосини олиб чиқиб, овоз бериб, ўзи назорат қиляпти. Шунинг учун маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича ишларимизни қатъий давом эттирамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади. Уларни Янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкорлари сифатида қадрлашини таъкидлаб, фидокорона меҳнати, ёш авлодга ибрати учун миннатдорлик билдирди.
– Бахт нима ўзи? Фарзандлар бағрида соғ-саломат юриш, оилада, эл-юртда азиз бўлиш, ҳалол қилган меҳнатингнинг қадрини кўриш. Бутун халқимиз сизлар билан фахрланади, сизларга ҳавас билан қарайди. Илоҳим, мана шундай обрў, мана шундай ҳурмат-эътибор сизларни ҳеч қачон тарк этмасин, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг, мукофотланганларга фахрий унвон, орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.
Маълумки, миллий ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан, Президентимиз ташаббуси билан “Имом Бухорий” ордени таъсис этилган. Юртимиз ва минтақамизда муқаддас ислом динини асраш, илмий меросни ўрганиш ва мусулмонларга етказиш йўлида маънавий жасорат кўрсатиб яшаган икки буюк ватандошимиз, марҳум муфтийлар – шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени билан мукофотланган эди. Тадбирда уларнинг фарзандларига ушбу табаррук нишон топширилди.
Эл-юртимизда ҳурматга сазовор нуронийлар, давлат хизматчилари, олим ва педагоглар, тадбиркорлар, саноатчилар, ижодкор ва санъаткорлар, ҳарбийлар, спортчи ва мураббийлар мукофотларни қабул қилиб олди.
Президентимиз уларни табриклаб, самимий дил сўзлари ва тилакларини айтди.
– Бугун мен сизларнинг очиқ чеҳрангиз, бахтиёр кўзларингизни, сизлардаги баланд руҳни кўриб, очиғини айтсам, гўёки ўзим ҳам мукофот олгандек хурсанд бўлиб турибман. Ниятим: кўксингизга ярашиб турган мана шу юксак унвон ва нишонлар сизларга янги-янги куч-ғайрат бахш этсин, – деди Президент.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун миннатдорлик билдириб, халқимизга эзгу тилаклар билдирди.