Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Хушманзара тоғлар бағридаги бу ҳудуднинг драйвери, албатта, туризм. Сўнгги йилларда инфратузилма яхшиланиб, йилнинг барча фаслида мароқли ҳордиқ чиқариш имконияти яратилди. Дам олиш, соғломлаштириш, чанғи, саёҳат, умумий овқатланиш мажмуалари барпо этилди. Эски санаторий ва болалар оромгоҳлари янгиланди.
Хусусан, беш йил аввал туманда 2 минг 240 ўринли 26 та маскан бўлган бўлса, шу даврда соҳага 2 триллион сўмдан зиёд инвестиция киритилиб, 13 мингдан кўп ўринга эга 59 та йирик туризм иншооти ишга туширилди. Асосий автомобил йўли таъмирланиб, қўшимча йўллар қурилди.
Буларнинг натижасида туризм жадал ривожланди, ташриф буюрувчилар 12 баробарга ошди. Жумладан, беш йил олдин Бўстонлиққа йилига 850 минг сайёҳ келган бўлса, бу йил 11 ойнинг ўзида 12 миллион нафар ташриф буюрган.
Бу суръат изчил давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари шундай лойиҳалар билан танишди.
Чирчиқ дарёси бўйида “Чорвоқ дарвозаси” туристик мажмуаси қурилмоқда. Қарийб 25 гектар майдондаги мажмуада 16 та кўп қаватли уй, 3 та меҳмонхона, 2 та супермаркет, 60 дан зиёд савдо ва маиший хизмат шохобчалари, кафе ва ресторанлар, банк офиси, аквапарк, мусиқали фаввора, автотураргоҳ бўлади. Бинолар тепасига қуёш панеллари ўрнатилади. Дарё устида сайр учун шишали кўприк қурилади.
Мажмуа кунига 5 мингдан ортиқ кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Мавсумийлари билан бирга 2 минг 500 та иш ўрни яратилади.
Президентимиз хизмат турларини кўпайтириб, фаол туризмни ривожлантириш, бундай мажмуаларни бошқа туманларда ҳам лойиҳалаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳудудда экологияга алоҳида эътибор бериш, яшилликни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди.
#Шавкат Мирзиёев