Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Маданият 26/04/2019 Пойтахтимизда Туркия кино кунлари ҳафталиги бошланди
Poytaxtimizda Turkiya kino kunlari haftaligi boshlandi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Пойтахтимизда Туркия кино кунлари ҳафталиги бошланди. Анжуманнинг Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтган очилиш маросимида Туркия Республикасидан ташриф буюрган делегация аъзолари, киношунослар, маънавият тарғиботчилари, актёр ва актрисалар, режиссёрлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, Туркия Президентининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик ишлари бўйича маслаҳатчиси, Евроосиё фуқаролик жамияти ва ҳамкорлиги раиси Исмаил Сафи ўзбек ва турк киноусталари ўртасида азалдан ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани, икки мамлакатнинг таниқли кино ижодкорлари иштирокида қатор фильмлар суратга олинаётганини таъкидлади. Томонлар соҳадаги ҳамкорлик бундан буён ҳам мустаҳкамланиши ва ривожланишига ишонч билдирди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда туркиялик режиссёр Хусейин Ўзден томонидан “Дунё адабиётининг чинори” номли ҳужжатли фильм суратга олинди ва премьераси Ўзбекистон ва Туркия давлатларида ўтказилди. “Ўзбеккино” миллий агентлигида Туркия делегацияси бошлиғи Бекир Карлига, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар, режиссёр Ҳасан Али Демирканлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувларда Туркия кино ижодкорлари билан буюк аждодларимиз Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино каби тарихий шахслар ҳақида фильмлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Мазкур ҳафталик "Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда Туркия Маданият ва туризм вазирлигига қарашли Кино бош мудирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Фестиваль давомида турк кино ижодкорлари томонидан суратга олинган “Новвой Бобо: Ишқ асрори”, “Қашқирлар макони: Ватан”, “Рафадан Тайфа: Даҳлиз саргузаштлари” ҳамда “Жигарим” фильмлари турк тилида мухлислар эътиборига ҳавола этилади.

Ҳафталик 28 апрелгача давом этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг