Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Иқтисод 23/02/2017 Пойтахтимизда Ўзбекистон – Швеция бизнес форуми бўлиб ўтди
Пойтахтимизда Ўзбекистон – Швеция бизнес форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Пойтахтимизда 22 февраль куни Ўзбекистон – Швеция бизнес форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Business Sweden” Швеция савдо ва инвестициялар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг геология ва минерал ресурслар, иқтисодиёт, машинасозлик, энергетика каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.Дадахонова, “Business Sweden” кенгашининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича ваколатхонаси раҳбари И.Власюк ва бошқалар Ўзбекистон билан Швеция ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари хусусида сўз юритди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Форумда Ўзбекистоннинг геология ва минерал ресурслар, транспорт инфратузилмаси, савдо-саноат, энергетика соҳаларидаги муваффақиятлари, Швециянинг ахборот технологиялари, тоғ-кон, электр-энергетика, қурилиш каби соҳалардаги компаниялари фаолияти ҳақида маълумот берилди.

2001 йил 29 майда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Швеция Қироллиги ҳукумати ўртасида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоялаш тўғрисидаги битим ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Форумда мамлакатимизнинг ўн беш етакчи компанияси иштирок этмоқда, – деди Швеция Қироллигининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ингрид Терсман. – Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Мамлакатингизнинг тоғ-кон саноати, темир йўллар каби соҳаларининг йирик корхона ва компанияларининг фаолияти билан яқиндан танишишни режалаштирганмиз.

– Компаниямиз инновацион компрессорлар, қурилиш ва тоғ-кон соҳаларида фойдаланиладиган техника воситалари ва машиналар ишлаб чиқаради, – деди “Atlas Copco” компаниясининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бош менежери Жорж Апостолопос. – Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга имкон яратмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон билан Швеция ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, автомобилсозлик, энергетика ва энергия тежаш, электр техникаси, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги сармоявий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, ички ва ташқи бозорларда талабгор бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шу куни Ўзбекистон ва Швеция ишбилармонлари ўртасида кооперация биржаси бўлиб ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг