Валюта курслари 20/11/2024
$1 – 12844.00
UZS – 0.15%
€1 – 13550.42
UZS – -0.01%
₽1 – 128.30
UZS – -0.25%
Қидириш
Ўзбекистон 02/03/2017 Пойтахт аэропорти божхоначилари томонидан 2 кг.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмлари олиб қўйилди
Пойтахт аэропорти божхоначилари томонидан 2 кг.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмлари олиб қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Давлат божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид бир нечта қонунбузарлик ҳолатлари фош қилинди.

Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.

Қолаверса, божхона чегараларини кесиб ўтиш пайтида жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.

“Тошкент-Деҳли” йўналишидаги парвоз олдиндан самарқандлик Ж.Аҳадов 11,5 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги 180 гр. тиллани яширин йўллар билан олиб чиқишнинг антиқа йўлини танлади. Унинг шими тугмалари ясама тарзда олтиндан қўйилгани ва божхоначиларни чалғитиш мақсадида устидан бўялгани аниқланди.

Шунингдек, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари тилла ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан четлаб олиб ўтишнинг жирканч усулини танлаган, яъни уларни ички аъзоларига бекитган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган бир қатор аёлларнинг қинғир қилмишларини фош қилишди.

Жумладан, “Истанбул-Тошкент” рейси бўйича парвозини якунлаган Ш.Маматкулова дастлабки маълумотларга кўра қиймати 3 млн. 300 минг сўмдан ортиқ бўлган 54 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини худди шу усулда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шахсий кўрикдан ўтиш давомида божхоначилар ва холислар қаршисида уялиб қолганлардан яна бири – Х.Ахмедовадир. Ушбу шахс ички аъзоларига яширганча қиймати салкам 5 млн. сўмлик 60 гр.дан ортиқ заргарлик буюмларини Бокуга олиб чиқишни реэалаштирган экан.

Ҳиндистонга йўл олган Д.Ходжибекова ва унинг синглиси Д,Мусабековалар ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, йирик миқдордаги қуйма тиллаларни ички аъзоларига яширганча олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди.

Шахсий кўрикдан ўтказиш давомида Д.Ходжибекова оғирлиги 298 гр.га тенг 3 дона қуйма тиллалар, Д,Мусабекова эса 253 гр. оғирликдаги 3 дона қуйма тиллаларни ноқонуний равишда олиб чиқишга урингани маълум бўлди.

Бу ҳам етмаганидек, ушбу шахслар картошка чипслари ва ярим тайёр угра қадоқлари ҳамда маҳсиларнинг ичига яширганча 2 турдаги 630 қутидан ортиқ сигаретларн ҳам олиб чиқишаётган экан.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2016 йилда 138 та божхона қоидабузарликлари аниқланган бўлиб, натижада қиймати 2,5 млрд. сўмлик 41 кг.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса мазкур йўналишда 20 та қонубузарлик ҳолатлари фош қилиниб, қиймати 93,4 млн. сўмлик 2 кг. 200 гр.дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг яширинча олиб ўтилишига чек қўйилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг