Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Полшанинг "DAMEL", "Kunzman", "Alumatec", "NIMIA" ва "Modar" компаниялари раҳбарларининг 22-30 ноябрь кунлари Ўзбекистонга бизнес-миссияси ташкил этилди. Полша делегацияси Қарши шаҳрида ўтказилган "Kashkadarya invest – 2024" халқаро бизнес-форумида иштирок этди. Унда Ўзбекистонда тоғ-конь, геология, автомобилсозлик ва машинасозлик соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Бизнес делегация сафар давомида Ўзбекистон Тоғ-конь саноати ва геология вазирлиги, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзелтехсаноат" уюшмаси, "Олмалиқ конь-металлургия комбинати" АЖ, "Навоий конь-металлургия комбинати" АЖ, "Ўзбеккўмир" АЖ, "Навоиюран" ДК, Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси ("EUROUZ"), "Ўзавтосаноат" АЖ ва унинг тизимидаги "UzAuto Motors", "UzAuto Motors Powertrain", "Tashkent Tractor Plant", "Nurafshon-Maxsus-Texnika", "SamAuto", "MAN Auto-Uzbekistan" вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Томонлар келгусидаги ҳамкорликда инновацион технологияларни тадбиқ қилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини модернизациялаш қилиш масалалари хусусида фикр алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг тоғ-конь, геология, автомобилсозлик ва машинасозлик саноати салоҳиятини янада оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.