Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда поликлиникаларга тиббий лаборатория хизмати кўрсатиш бўйича марказлашган лабораториялар ташкил этиш режалаштирилмоқда, бу эса бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида касалликлар диагностикаси сифати ва самарадорлигини оширади.Лаборатория диагностикаси тиббиётнинг энг муҳим соҳаларидан бири. У ташхис қўйишни осонлаштириб, энг самарали даволаш усулларини танлаш имконини беради.
2025 йил 1 январдан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига лаборатория хизматлари кўрсатувчи марказлашган лабораториялар ташкил этиш лойиҳаси амалга оширила бошлайди. Бунинг учун тажриба-синов тариқасида 3 та ҳудуд — Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри, Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманлари танлаб олинди.
Ҳозир ушбу 3 та ҳудуд лаборантлари Тошкент шаҳар тиббий маслаҳат-диагностика марказида бу тажрибани ҳаётга татбиқ этиш учун тайёргарлик кўришмоқда. Улар етук мутахассислар томонидан махсус дарсларда қатнашиб, янги лаборатория ускуналарида ишлаш кўникмаларини эгалламоқда.
Сир эмас, айни пайтда республика бўйлаб барча оилавий поликлиникаларда лаборатория ва таҳлиллар сифати бир хил эмас. Мавжуд лаборатор жиҳозлар ҳамда сарфлов материаллари сифати ва ҳажми ҳар доим ҳам қониқарли даражада бўлмайди.
Масалан, поликлиникада топширилган таҳлил натижаларига ихтисослашган марказ шифокорлари ишончсизлик билан қарайдиган ва беморни қайта таҳлил топшириш учун бошқа лабораторияга йўналтирадиган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай оворагарчилик ва ортиқча харажатларнинг олдини олиш ҳамда беморларга янада қулайлик яратиш учун ҳам бу янги тажрибага қўл урилди.
Танланган 3 та ҳудуддаги барча поликлиникаларда аҳолидан биоматериалларни қабул қилиш хоналари ташкил этилади. Улар махсус жиҳозланган автотранспорт воситаларида замонавий марказлашган лабораторияларга етказилади. Ушбу натижалар жаҳон стандартлари асосида илғор усулларда текширилади. Шу тариқа беморга аниқ ташхис қўйиш имкони яратилади ва ортиқча сарсонгарчиликка чек қўйилади.
Лаборатор таҳлиллар натижаси тиббиёт муассасаларига электрон ахборот тизими орқали жўнатилади ва автоматик равишда беморнинг электрон картасига киритилади. Бемор бирламчи тизимда эмас, бошқа ихтисослашган шифо масканларида даволаниши керак бўлган тақдирда ҳам ушбу база орқали ўз натижаларни олиши кафолатланади.
Лойиҳа доирасида марказлашган лабораторияларда ҳудуддаги барча бирламчи бўғин муассасаларига бириктирилган аҳолига йўлланма асосида кафолатланган пакет доирасида хизмат кўрсатилади. Харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади.
Асосийси, олис ҳудудда яшайдиган фуқаро ҳам ўз поликлиникасида топширган таҳлилларининг натижалари юқори сифатли эканига ишонч ҳосил қила олади ва самарали даволаш орқали шифо топади.