Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Туризм 10/04/2025 Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди

Покистоннинг Лаҳор шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳияти намойиш этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 9-11 апрель кунлари Туризм қўмитаси томонидан Покистон Ислом Республикаси ҳукумати, туристик компаниялари, меҳмонхона бошқаруви ва сайёҳлик соҳасида фаолият юритувчи ишбилармон доиралари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ушбу мамлакатнинг Лаҳор, Карачи ва Исломобод шаҳарларида Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари тарғиботига бағишланган “Road Show” тадбирлари ташкил этилмоқда.

 “Road Show” доирасида дастлабки тадбир 14 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи Лаҳор шаҳрида ўтказилди. Унда Панжоб вилояти туризмни ривожлантириш корпорацияси, Лаҳор Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ҳамда Жанубий Осиё халқаро тадқиқотлар маркази расмийлари, маҳаллий туризм бизнеси вакиллари, шунингдек, Ўзбекистондан туризм соҳаси расмийлари ва туроператорларидан иборат жами 500 нафардан ортиқ иштирокчилар қатнашди.

Тадбир доирасида “Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси” тақдимоти намойиши ҳамда икки давлатнинг туристик операторлари ўртасида «B2B», «G2B» ва «G2G» учрашувлар ташкил этилди. Шу билан бирга, “Uzbekistan Airways” миллий авиакомпанияси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тақдимотларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳияти, кейинги йилларда жадал ривожланиб бораётган қишки ва тоғ туризми, шунингдек мамлакатнинг ўзига хос гастрономик имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

 “Икки мамлакат ўртасидаги туризм салоҳияти жуда катта. Биз нафақат тарихий, балки бизнес ва тиббий туризмни ҳам кенгайтириш ниятидамиз. Ҳукумат ва бизнес доиралар бу имкониятларни амалга оширишда фаол иштирок этиши керак”, - деди Лаҳор Савдо-саноат палатаси президенти Миан Абузар Шад.

 “Ўзбекистоннинг Покистонда маркетинги ва тарғиботи, покистонликлар учун муҳим бўлган зиёратгоҳлар – Имом Ал-Бухорий мақбарасининг алоҳида ролини фаол тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ. Бизни тарихан боғлаб турадиган ришталарни инобатга олган ҳолда икки томонлама туризм алоқаларини ривожлантириш мамлакатларимиз учун янги уфқларни очиб беради”, деб таъкидлади Панжоб вилояти туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Насир Маҳмуд Башир.

Тадбир натижасида икки мамлакат туризм бизнеси вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, ўнлаб ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.

“Road Show” иккинчи қисмида ўзбек санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди, шунингдек, миллий ҳунармандчилик буюмлари ва миллий либослар кўргазмаси ўтказилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг