Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Покистоннинг Озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазирлиги ҳамда Ўсимликлар ҳимояси департаменти вакиллари 24-29 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрадилар, деб хабар беради ИА «Дунё».
Ташриф Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги карантин ва ўсимликлар ҳимояси агентлиги ташаббуси ҳамда Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган.
Покистон делегациясига Озиқ-овқат хавфсизлиги ва тадқиқотлар вазири ўринбосари Нилофар Ҳафиз раҳбарлик қилади.
Музокаралар доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кўпайтириш ва фитосанитария рухсатномаларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.
Шунингдек, Покистон делегацияси аъзолари Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларига ташриф буюриб, мева ва сабзавотларни етиштириш шароитлари ва уларнинг сифати билан танишадилар.