Валюта курслари 21/02/2025
$1 – 12929.92
UZS – -0.16%
€1 – 13496.25
UZS – -0.07%
₽1 – 146.25
UZS – 2.61%
Қидириш
Молия 15/02/2025 Пенсияни проактив шаклда тайинлаш тартиби йўлга қўйилади

Пенсияни проактив шаклда тайинлаш тартиби йўлга қўйилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Мамлакатимизда кекса ёшдаги, боқувчисини йўқотган ва меҳнатга лаёқатсиз аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, фуқароларга пенсияларни тайинлаш юзасидан кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини янада яхшилаш ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида инсон омилини камайтириш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш, соҳада илғор рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш ҳамда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш дастурлари самарадорлигини “Инсон қадри учун” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий ахборот технологияларини фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия олиш ёшига тўлган (эркаклар 60 ёш, аёллар 55 ёш) фуқароларга ёшга доир пенсияни уларнинг алоҳида мурожаатини талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартибини белгилашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига барча нафақаларни тайинлаш ва тўлаш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ваколатига ўтказилгани муносабати билан “Давлат божи тўғрисида”ги ва “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси юзасидан аниқлаштирувчи саволлар ўртага ташланди. Қонун ташаббускорлари депутатлар саволларига батафсил жавоб қайтаришди. Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига пенсия тайинлаш тизимига замонавий рақамли технологияларни фаол татбиқ этган ҳолда, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг