Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Молия 12/02/2022 Пенсия таъминоти тизимидаги янгиланишлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишларнинг мантиқий давомидир
Пенсия таъминоти тизимидаги янгиланишлар инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишларнинг мантиқий давомидир

Пенсия таъминоти ўз аҳамиятига кўра мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва давлат молия-бюджет тизимида катта ўрин тутади. Ушбу тизим меҳнат бозори ҳолати ва солиқ соҳаси, шунингдек, мамлакатимиздаги демографик вазият билан чамбарчас боғлиқ.

Шу боис, пенсия тизими жорий муносабатларни ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётга нисбатан юкламани камайтиришга хизмат қилиши лозим.

Бозор иқтисодиёти шароитида нафақа ёшидаги инсонларнинг турмуш даражасини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг пенсия олишга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг кафолатларини кучайтириш муҳим вазифа. Унинг аҳамияти, айниқса, бутун дунёда давом этаётган пандемия даврида янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз 2022 йил 9 февралда имзолаган «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун айни мақсадга қаратилган. Қонун билан бошқа ҳужжатлар қаторида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Янги қонун билан киритилаётган ўзгартишларнинг аксарияти жамиятнинг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламлари, аввало, аёллар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган. Жумладан, эндиликда болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтининг ҳаммаси жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш кўзда тутилмоқда. Илгари бу давр 3 йил эди. Қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ушбу норма бир вақтнинг ўзида Меҳнат кодексида ҳам ўз аксини топмоқда. Бу жуда муҳим. Чунки она ва бола саломатлиги ва хавфсизлиги нафақат оила, балки бутун жамиятга дахлдордир.

Масаланинг нақадар долзарблигини ривожланган мамлакатларда XIX асрдаёқ тушунишган. Хусусан, бола парвариши таътилини 1883 йилда қонунийлаштирган биринчи мамлакат Германия бўлди. Унинг ортидан Швеция 1891 йилда ва Франция 1928 йилда худди шундай чорани амалга оширди. 1919 йилда эса Халқаро меҳнат ташкилоти оналик ва болаликни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, қабул қилди. Улар учта фундаментал тамойил – бола парвариши таътили, пул нафақаси ва иш ўрнини сақлаб қолиш принципларидан келиб чиқади.

Айнан шу қоидалар она ва бола хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш, демакки, жамият манфаатини ҳимоялашга хизмат қилади. Оналар туғруқдан кейин саломатлигини тўлиқ тиклаши учун ҳам вақт ва маблағ керак. Демак, юқоридаги кафолатлар таъминланса, улар тезроқ ишга қайтишлари мумкин, бу эса иқтисодиётга фойда. Қолаверса, оилалар ўзининг давлат ҳимоясида эканини билса, туғилиш доимо керакли даражада бўлади, демографик муаммоларга чек қўйилади.

Шу жиҳатдан, янги қонун билан киритилаётган ўзгартишлар, яъни мамлакатимизда болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтининг 6 йиллик даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш аёллар учун ҳар томонлама қўшимча рағбат ва қўллаб-қувватлаш бўлади.

Қонунда биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган (олдин 16 ёш эди) ногиронлиги бор болага, шунингдек (даволаш муассасасининг хулосасига кўра), ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгиланмоқда. Бу ҳам хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш йўлида қўйилган муҳим қадам. Чунки оилаларда ногиронлар ёки катта ёшдаги инсонларга асосан аёллар қарайди. Мунис ўзбек аёллари яқинларига бўлган меҳри туфайли кўп ҳолларда шахсий манфаат ва интилишларидан воз кечади. Оналик, кези келганда келинлик вазифасини бажариб, умрини ногирон фарзанди ёки оиладаги кексаларни парваришлаш билан ўтказган опа-сингилларимиз кам эмас. Қонунга киритилаётган ушбу ўзгартиш эса уларнинг ўзлари кексайганда пенсия олишлари, демакки, қилган меҳнатларидан оз бўлса-да, моддий манфаат кўришларига йўл очади.

Қонун билан киритилаётган яна бир муҳим нормада эндиликда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловлари марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, 23 ёшга тўлгунга қадар тўланиши назарда тутилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, боқувчисини йўқотганлик пенсияси қарамоғидаги шахсларга улар 16 ёшга тўлгунга қадар, ўқувчи бўлса, 18 ёшга тўлгунга қадар тўланади. Ваҳоланки, бола 18 ёшга тўлганда кўпинча олий ўқув юртига ўқишга киради. Табиийки, у ўқиш билан банд бўлган даврда таъминотсиз қолиб кетиши мумкин эмас.

МДҲ мамлакатларининг деярли барчасида боқувчисини йўқотганлик пенсияси 18 ёшгача, ўқиса, 23 ёшгача тўланади. Энди бу амалиёт юртимизда ҳам жорий этилмоқда. Бу эса қанчадан-қанча ёшларга ҳаётда муносиб ўрнини топиш имконини беради.

Пенсия таъминоти тизими ҳар бир замонавий давлат аҳолиси ижтимоий ҳимоясининг муҳим қисми, жамият ривожининг базавий ва энг зарур кафолатларидан биридир. Уни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш узлуксиз ва тинимсиз жараён. Чунки бу тизимни доимий такомиллаштириш нафақат инсон ҳуқуқларини таъминлаш, балки, аввало, иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис, ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлатимизнинг ижтимоий барқарорлиги ва иқтисодий хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик қўмитаси раиси

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг