Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 17/08/2022 Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди
Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди

Куни кеча Халқ таълими вазирлигининг А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида Педагогик таълимни ривожлантириш бўйича республика кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакат таълим тизимидаги муаммолар, педагогик кадрларни ОТМга қабулидан то иш билан таъминланиши борасидаги масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишнинг кун тартибига мувофиқ, А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори А.Раджиев “Олий педагогик кадрлар тайёрлаш тизимида талаб ва таклиф мутаносиблиги таҳлили” масаласи бўйича ахборот берди. Республика мактабларидаги ўқитувчилар контингенти, уларнинг ўз фани бўйича билим савияси ва тоифалари ҳамда мактаблардаги илмий даражага эга ўқитувчилар сони бўйича маълумотларни статистик рақамларда кўрсатиб ўтди. Кенгаш муҳокамасидан сўнг натижаси бўйича кенгашнинг қарори қабул қилинди. Унда педагог кадрларни тайёрлашда қабул квоталарини шакллантиришни мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда амалга ошириш механизмини жорий этадиган норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш масаласи кўтарилди.

Мазкур норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ 2 ой муддатда педагогика олий таълим муассасаларига давлат гранти бўйича қабул квоталарини ажратиш тартибини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди. Ҳужжат лойиҳасига барча педагогика ОТМларида тест билан бирга абитуриентларнинг ўқитувчиликка мойиллиги ва қобилиятини ҳам баҳолашдан иборат 2 босқичли имтиҳонларни жорий қилиш, қўшимча шартнома асосида талабаликка қабул қилиш амалиётидан воз кечиш, давлат гранти асосида таълим олган битирувчиларни фақат ўқитувчига эҳтиёж сезаётган мактабларга тақсимлаш ва камида у ерда 3 йил ишлаб бериш тартибини ишлаб чиқиш ҳамда давлат гранти асосида таълим олган битирувчилар мактабларга бориб ишлаганда, уларга тўғридан-тўғри 2-малака тоифасини беришни киритиш белгиланди.

Шунингдек, олий педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тасдиқлаш, педагогика олий таълим муассасасида профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини баҳолаш самарали механизми ҳақида сўз борди.

Мутахассисларнинг фикрича, педагогика олий таълим муассасаларида магистратура таълимининг сифати ва самарадорлигини ошириш бугунги кун талабидир. Бунда хорижий олий педагогик таълим тажрибаларини ўрганиш зарурати бор.Олий педагогика таълим муассасаларининг сифат таркибини кучайтиришни таъминловчи механизм ёки уларни танлаб олиш учун мавжуд магистратура битирувчиларнинг етишмаслиги, яъни рақобат муҳитининг йўқлиги сўзга олинди. Барча ОТМ, айниқса олий педагогик таълим муассасалари ўқитувчиларининг КPI самарадорлиги талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.

Кенгашнинг “Олий педагогик таълимни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари (йўл харитаси)” муҳокамаси жараёнида унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тасдиқланди.

Мазкур йўл харитасида белгиланган ишлар амалга оширилса, магистратурага танлов даражаси кўтарилиши муносабатида битирувчилар сифати ошади, олий педагогик таълим муассасалари педагог жамоалари сифат таркибини яхшилаб бориш имконияти шаклланади. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг сифат таркиби ҳам ошиб боради. Олий педагогика таълим Олий таълим муассасалари, ўқитувчилари меҳнати самарадорлиги оша боради. Натижада, мутахассислар тайёрлаш сифати ҳам ошади. Юқори малакали педагог кадрларга бўлган талаб ва таклиф, таҳлил қилиш орқали тавсиялар ишлаб чиқилади. Бозор талабига мос кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Кенгаш йиғилишининг қабул қилинган қарорларига кўра, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчилар билан таъминланиш масаласи нисбатан қисқа муддатда ечилади. Олий таълим муассасалари қабул режалари талабга мувофиқлаштирилади ва самарадорлиги ошади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг