Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 16/09/2023 Паркент туманида «Халқаро узум сайли» бўлиб ўтди
Паркент туманида «Халқаро узум сайли» бўлиб ўтди

«Узум сайли»нинг ташкил этилиши. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 августдаги «023-2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-260-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Тошкент вилояти Паркент туманида «Узум сайли» ва халқаро виночилик фестивали ўтказилди. Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотимиз брендини жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш, қадимий узумчилик ва виночилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришдан иборат. Фестивал доирасида соҳанинг етук мутахассислари иштирокида илмий-амалий семинарлар ташкил этилиб, номинациялар бўйича республика кўрик-танловлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар ва либослар кўргазмалари ҳамда бошқа маданий тадбирлар ташкил этилган. 

II. Фестивал доирасида ўтказиладиган асосий тадбирлар. «Халқаро узум сайли» фестивали 15 сентябрь куни соат 11:00 да Паркент тумани, Заркент қишлоғида ташкил этилган павильонларда бошланди. Тадбир доирасида узумчиликни ривожлантиришга доир илмий-амалий конференциялар, Ўзбекистон Қаҳрамони Тоживой Ризаев ҳақидаги «Туганмас хазина» ҳужжатли фильмининг премьераси, фольклор жамоалари ва эстрада санъаткорларининг чиқишлари ҳамда халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи маданий дастурлар, винолар дегустацияси ва аукционлар ўтказилди. Кўргазмаларни кўздан кечириш ва баҳолаш, фестивалнинг очилиш маросими, концерт дастурлари шулар жумласидандир.

Фестивал доирасида бир қатор халқаро илмий-амалий конференциялар, бизнес-семинарлар, хорижий ва маҳаллий етакчи мутахассисларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди. Шунингдек, ушбу фестивалга хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, Италиянинг виночилик уюшмаси раҳбари Леонардо Коммучи, Сербия республикасининг узумчилик йўналиши бўйича илғор тадбиркорлардан бири Саша Джоник, Россия Федерациясининг Калмик давлат университети ректорининг маслаҳатчиси Очиров Баатр Владимирович маърузачи сифатида қатнашди. Шунингдек, Корея, Сингапур, Белорусия, Грузия, Озабайжон каби 30 дан ортиқ давлатларнинг виночилик соҳасида йирик ва етакчи ҳисобланган компаниялари вакиллари ташриф буюрди. Жараёнда Ўзбекистоннинг 12 та вилоятидан фермер хўжаликлари, мамлакатимиз вино заводлари, табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз экспозициялари билан иштирок этди. 

2 кунлик илмий-амалий конференцияларда “Узум етиштириш ва сақлашнинг инновацион технологиялари”, “In vitro шароитида узумнинг пайвандтаг ва пайвандтагларини кўпайтириш агротехнологияси”, “Ҳосилли токзорлар интенсив технологияси”, “Узумнинг шароббоп навларини танлаш ва етиштиришда тавсиялар”, “Узумнинг кишмишбоп навларини ўстириш усулларини ҳосил ва ҳосил сифатига таъсирини ўрганиш”, шунингдек, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича халқаро тажриба, узумчиликда стандартлаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш (GLOBAL GAP, ORGANIC), ток тупларини яшил қисмлари билан боғлиқ ишлар борасида ҳам бир қатор маърузалар тингланди. Фестивалнинг бизнес зонасида тақдимотлар, музокаралар ўтказилди. Шартномалар ва битимлар имзолаш учун шароитлар яратилди.

Бундан ташқари фольклор жамоалари, эстрада санъаткорлари чиқишлари, халқ урф-одатлари ва анъаналарини акс эттирувчи кенг кўламли маданий дастур ташкил этилган. Энг яхши ошпазлар миллий пазандачилик маҳсулотлари намуналарини, узумдан анъанавий миллий ичимликлар ва ширинликлар тайёрлашни намойиш этишди. 

III. Тошкент вилоятида узумчилик мактаби, соҳага оид асосий кўрсаткичлар. Паркент узумчилик тарихи бевосита шу ерлик Тоживой Ризаев номи билан боғлиқ. Тошкент Қишлоқ хўжалиги институтида ўқиб, қишлоқ хўжалигининг зироатшунослик, боғдорчилик соҳалари бўйича таҳсил олган Тоживой Ризаев ўзи туғилган Заркент жамоа хўжалигига раис этиб тайинланади. Ҳудуд ер майдони асосан қир ва адирликлардан ташкил топган бўлиб, сувсиз, лалми ерларда деҳқончилик қилинар, асосий ишлар оғир қўл меҳнати билан бажарилар эди. Ҳосилдорлик, хўжалик ишчиларининг даромади ва аҳоли турмуш тарзи ҳам ўша йиллардаги об-ҳаво, ёғингарчиликка боғлиқ бўларди. Илмий изланишлар, кузатув ва таҳлиллар натижасида Тоживой Ризаев суғорилмайдиган, ноқулай шароитдаги қир ва адирликларга узум кўчати экиш керак, деган хулосага келади. Дастлаб тажриба тариқасида 5-10 гектар ерга узум кўчати экилади. Даромад келтирмайдиган, сувсиз ноқулай деб ҳисобланган ер майдонларига узум кўчатлари экилиб, ўтган йилларда тўпланган тажриба ва кузатишлар асосида яратилган агротехник қоидаларга таяниб парвариш қилинади. Бу эса ўз самарасини беради. 1980 йилларга келиб 200 гектар узумзор мўл ҳосил олина бошлайди. Сувсиз ерда етиштирилган узум ҳосилидан яхшигина даромад қилган боғбонлар энди ҳеч иккиланмасдан янги узумзорлар барпо этишга киришади. 1991 йилда Заркентда узумни қайта ишлаш заводи қуриб битказилиб ишга туширилди. Заркент узумларини шу ернинг ўзида қайта ишлаш имконияти яратилди.

Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун ва эл-юрт фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси учун 2001 йилда Тоживой Ризаевга Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилади. Ҳозирда Заркент аҳлининг ҳар бир фуқароси тадбиркор. Улар энди ҳар бир қарич ердан, ҳар бир томчи сувдан

унумли фойдаланиб, даромад олишни билишади. Ҳар бир хонадонда тонналаб узумни сақлайдиган музхоналар бор. Энг муҳими, аҳоли 100 фоиз иш билан банд. Заркентликлар энди оддий боғбон эмас, уларнинг ҳар бири сувсиз ерларда узум етиштириш, узумни қайта ишлаш, бир неча ой сақлаш технологияларини мукаммал ўзлаштирган ҳамда ўз бизнесини йўлга қўйган мутахассисдир.

 Бугунги кунда Тошкент вилоятида 15 минг гектардан ортиқ узумзорлар мавжуд. 2022 йилда 103 минг тонна (105%) етиштирилган бўлса, жорий йилда 115 минг тонна (112%) ҳосил етиштириш кўзда тутилмоқда. 2024-2025 йилларда қўшимча 20 минг гектар (шундан 2023 йилда 10 минг 260 гектар ҳамда 2024 йилда 9 минг 740 гектар) узумзор барпо этиш белгиланган. Бугунги кунда ҳукумат томонидан мамлакатда узумчилик соҳасини ривожлантириш бўйича бир неча имтиёзлар берилмоқда. 

Жумладан, тижорат банкларига замонавий кўчатхоналар барпо қилиш, кластер ва кооперация усулида узум маҳсулоти етиштириш ҳамда қайта ишлаш, узум плантацияларини ташкил этишни молиялаштириш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилмоқда, тижорат банклари 10 йил муддатга (5 йиллик имтиёзли давр билан) 2 фоиздан кўп бўлмаган шарт билан тижорат кредитлари ажратиб беришни йўлга қўйган.

Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, вилоятда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини оширишда қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳамда аҳоли хонадонларида узум етиштиришни кенг йўлга қўйиш мақсад қилиб олинган.

Бугунги кунда вилоятда барча тоифа хўжаликларида жами 18,9 минг гектар токзор мавжуд бўлиб (15,3 минг гектари фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари тасарруфида ва 3,7 минг гектар аҳоли томорқасида), шундан 7,6 минг гектар (40%) хўраки, 6,5 минг гектар (34%) кишмишбоп ва 4,9 минг гектар (26%) саноатбоп токзорлардир. Қарорга асосан 8 та туман – Бекобод, Паркент, Янгийўл, Зангиота, Оҳангарон, Тошкент, Қибрай ҳамда Ўрта Чирчиқ туманларида узум плантациялари ташкил этилади.

Вилоятда 20 минг гектар янги ташкил этиладиган узумзорларнинг 4970 гектари ўзлаштириладиган ерларда, 2400 гектари коллектор ёқалари, 270 гектари темир ва автойўл бўйлари, 1650 гектари самарасиз боғлар ўрнида, 6960 гектари дала четида ҳамда 3750 гектари аҳоли хонадонларида ташкил этилади. Ушбу майдоннинг 10,2 минг гектарига хўраки, 7,8 минг гектарига кишмишбоп, 2 минг гектарига саноатбоп узумлар жойлаштирилади. 15 та туманнинг 284 та маҳалласида 202,7 минг хонадоннинг 3750 гектарига, 5650 та фермер хўжалигининг 22 минг контури дала четларига жойлаштириш бўйича дастлабки ҳисоб-китоб қилинган.

Юқоридаги тадбирларни амалга ошириш натижасида вилоятда барча тоифадаги токзорлар майдони 38 минг гектарга етади, узум ҳосилдорлиги 3 баробарга ошади, ҳосилдорлик 500 минг тоннага етказилиб, шундан 270 минг тоннасини экспортга чиқарилади ҳамда камида 100 минг нафар аҳолини иш билан банд қилишга эришилади. 2023 йилнинг куз ва 2024 йилнинг қиш-баҳор фаслларида Паркент туманидаги “Parkent Ziyo Nur Tomorqa Xizmat” МЧЖ, “SO'QOQ-SAYDULLA” ф/х, “NOMDANAK SALOHIDDIN BOG`I” ф/х,

Пискент туманидаги “Махамаджон Жахонбу” ф/х, "MUXAMMADALI AGRO BIZNES" ф/х, "ШУКУРУЛЛАЕВ ШАРОФ" ф/х, Қибрай туманидаги “ZIYO ZAMIN ZARGARI” ф/х, ва “AGRO FRESH PRODUCT” МЧЖ корхоналари томонидан экспортбоп янги узум плантациялари ташкил этилади.

Фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли хонадонларини сифатли узум кўчатлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоятда қўшимча камида 1 та “In-vitro” лабораторияси ташкил этилади. 2023-2024 йилларда янгидан ташкил этилаётган узумзорлар ҳисобига қўшимча 20 минг тонна сақлаш қувватига эга бўлган музлаткичли омборхоналар, 27 минг тонна қуритиш омборлари бунёд этилади.

IV. Виночилик дегустацияси ва аукцион.

Фестиваль дастуридан Ўзбекистоннинг етакчи виночиларининг ҳамда қўшма корхоналарнинг тақдимотлари ва дегустациялари, нодир виноларни сотиш бўйича аукционлар ўрин олган. 

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, қайта ишлаш бўйича республикада 2023-2026 йилларда қиймати 116 млн. долларлик 46 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Натижада 8 хилдаги янги вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, маҳсулотлар экспорти 200 млн. долларга, тайёр вино экспорти 50 млн. долларга етказилади. Шунингдек, вино маҳсулотларини ноанъанавий янгича қадоқларда (ТетраПак, алюмин банка ва бошқа) ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 

Агротуризимни ривожлантириш мақсадида, Тошкент вилояти Паркент туманида «HoReCa» –«меҳмонхона- ресторан-кафе» тизими ишга тушди. Дунё бозорида «HoReCa» айланма маблағи 2,4 млрд. еврога етди. Ушбу тизим АҚШ (52%) ва Россияда (57%) ривожланди. 

Белгиланган вазифаларга кўра Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятида ертўлаларда узумчилик ва виночилик музейлари ташкил қилинади. Тошкент вилоятида ҳам жами 3 та Зангиота, Паркент, Қибрай туманларида узумни бирламчи қайта ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар мавжуд.

V. Машҳур навлар тарихидан: «Ризамат» нави ҳақида. Ризамат — ўртапишар маҳаллий хўраки ва майизбоп узум нави. Бу узум нави август-сентябрда пишади. 150 кунда тайёр бўлади. Таркибида 20-22% қанд бор. Ҳосилдорлиги 200—250 с/га. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтининг Самарқанд филиалида Каттақўрғон ва Паркент узум навларини чатиштириб чиқарилган (К. В. Смирнов, А. Ф. Герасимова). Машхур соҳибкор Ризамат Мусамуҳамедов шарафига унинг номи билан аталган. 

Ризамат Мусамуҳамедов (1881–1979) соҳибкор боғбон, узумчилик амалиёти новатори. Бу инсон бошчилигида Европа ва Марказий Осиёда 3600 дан ортиқ узум боғлари яратилган. Ризамат ота фаолияти давомида 10 дан ортиқ узум навларини селекция қилган. Валиш ва сўритокда узум ўстирган биринчи боғбон ҳам айнан шу инсондир. 1893-1947 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида узумчилик хўжаликларида соҳибкор бўлиб ишлаган. Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасида токчилик бўйича йўриқчи, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида боғдорчилик ва токчилик бўйича бош агроном (1950) вазифаларида фаолият юритган. Боғ ва токзорлар барпо этиш, токка шакл бериш, ток кесиш, токзорларни қайта тиклаш ва ток ўстириш, ҳосилдорликни оширишнинг янги ва илғор усулларини ишлаб чиққан. 

2 марта «Меҳнат Қаҳрамони», давлат мукофотлари лауреати, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг фахрий академиги, Республикада хизмат кўрсатган агроном ва узумчи унвонларига сазовор бўлган.

Р. Мусамуҳамедов раҳбарлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистонда 3250 та намунали боғ ва токзорлар барпо этилган. «Токчилик бўйича қўлланма» (1939) «Мўл узум ҳосили етиштиришдаги тажрибаларим» (1959) каби китоблар муаллифи. Мусамуҳамедов ҳақида «Гулга бурканган ҳаёт» (1961), «Ризамат отанинг 100 баҳори» ҳужжатли фильмлари яратилган.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг