Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саудия Арабистонининг “АCWА Power” компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Паркент туманида қуввати 334 МВт/501 МВт⋅соат бўлган электр энергиясини сақлаш тизими (батарея) қурилиши бошланди.
Ўзбекистон энергетикаси тармоғида янги лойиҳа ҳисобланган ва соҳада аҳамияти ниҳоятда катта бўлган мазкур йирик лойиҳа қурилишига жорий йилнинг 13 декабрь куни Давлатимиз раҳбари иштирокида старт берилди.
Ушбу электр энергиясини сақлаш тизимидан истеъмолнинг юқори вақтларида тармоқни барқарорлаштириш ва қўшимча захира қувватларини яратиш учун фойдаланилади.
Яна бир аҳамиятли жиҳати, мазкур лойиҳа қурилиши даврида 300 нафаргача киши иш билан таъминланса, тўлиқ ишга тушгандан сўнг 10 та доимий иш ўрни яратилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 декабрь куни Андижон вилоятининг Асака ва Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманларида ҳар бирининг қуввати 150 МВт/300 МВт⋅соат бўлган 2 та (жами 300 МВт/600 МВт⋅соат) электр энергиясини сақлаш тизимлари (батарея) ишга туширилган эди.