Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев Франция Меҳнат, соғлиқни сақлаш, бирдамлик ва оила вазирлигининг Европа ва халқаро ишлар бўйича дирекцияси директори ўринбосари Жером Вайнбах билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кўплаб имкониятлар мавжудлигини ва ушбу йўналишда икки томонлама алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Франция Меҳнат, соғлиқни сақлаш, бирдамлик ва оила вазирлиги ўртасида шерикчилик алоқаларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, икки вазирлик ўртасида дастлабки босқичда соғлиқни сақлаш соҳасида барча йўналишларни қамраб олувчи Ҳамкорлик меморандумини имзолаш масаласи ўрганиш тўғрисида келишиб олинди.
Жером Вайнбах тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик қилишга эътибор қаратди. У ўзбек томони учун муҳим бўлган йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Франциянинг тегишли тиббиёт муассасаси билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли малака ошириш курслари ва тренингларни ташкил этишда кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва Франция Меҳнат, соғлиқни сақлаш, бирдамлик ва оила вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва бу борада тегишли ҳужжатни имзолаш мумкинлиги қайд этилди.