Валюта курслари 12/03/2025
$1 – 12931.94
UZS – -0.06%
€1 – 14107.45
UZS – 0.37%
₽1 – 150.18
UZS – 3.13%
Қидириш
Иқтисод 11/03/2025 Парижда Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Парижда Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Франция Республикасига давлат ташрифи арафасида Париж шаҳрида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари раҳбарлари ҳамда 100 га яқин етакчи компаниялари, молия ва бизнес ташкилотлари раҳбарлари иштирокида Франция-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан инвестисиялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бизнес-форумнинг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва  иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги имкониятларини ўрганиш учун ўзига хос мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини юқори баҳолади.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг барқарор динамикаси қайд этилди. Хусусан, 2024 йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларга етди, бу олдинги йилга нисбатан 14 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, Ўзбекистондан Францияга экспорт ҳажми қарийб икки баравар ортиб, 800 миллион долларни, импорт эса 330 миллион долларни ташкил этди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 дан ортиқ француз компанияси муваффақиятли фаолият юритиб, ривожланаётган ишбилармонлик муҳитига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ўзбекистонда энергетика, инфратузилма, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, авиация, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида ўз тажрибасини олиб кираётган дунёга машҳур Orano, SUEZ, Veolia, Total Energies, Voltalia, EDF, Lactalis, Airbus, MND ва бошқа кўплаб компаниялар бор.

Лазиз Кудратов муносабатларни чуқурлаштириш учун фойдаланилмаган катта имкониятларга тўхталар экан, ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг қатор йўналишларини, жумладан, транспорт ва логистика жиҳатидан ўзаро боғлиқлиқни ривожлантириш, савдо йўлакларини диверсификация қилиш ва геология-қидирув ишларини олиб бориш, шунингдек, Ўзбекистон эҳтиёжларига мослаштирилган француз технологияларини жорий этиш орқали инновацион ривожланиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, инвесторлар манфаатларига жавоб берадиган ва мамлакат иқтисодиётини сифат жиҳатидан ўзгартириш ва барқарорлигини оширишга қаратилган янги қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.

Ўз навбатида, форумда сўзга чиққан MEDEF Интернатионал раиси ва «Orano» компанияси директорлар кенгаши раиси Клод Имовен  Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади ва француз бизнеси вакилларини Ўзбекистон бозорида фаол кириб боришга чақирди.

Форум доирасида B2B ва G2B форматидаги учрашувлар ташкил этилиб, икки мамлакат ишбилармон доираларига ўзаро мулоқот қилиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўрганиш учун яхши имконият бўлди.

Форум якунлари бўйича қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва транспорт, кончилик, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб берувчи 20 дан ортиқ битим ва шартномалар имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг