Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Спорт 16/09/2016 Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг медаллари сони 30 тага етди
Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчиларининг медаллари сони 30 тага етди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XV Паралимпия ўйинларининг навбатдаги кунида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисоби яна олтита медалга бойиди.

Енгил атлетика бўйича мусобақаларда қатнашган Александр Свечников найза улоқтириш баҳсларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Спортчимиз 65,69 метр натижа қайд этиб, Паралимпия рекордини янгилади.

Хотин-қизлар ўртасида енгил атлетиканинг ядро улоқтириш мусобақасида Сафия Бурхонова 15,05 метр натижа билан кумуш медални қўлга киритди, деб хабар беради ЎзА.

50 метрга эркин усулда сузиш бўйича Муслима Одилова 28.00 сония натижа билан кумуш, Шоҳсанам Тошпўлатова 28.02 сония натижа билан бронза медални қўлга киритди. Таъкидлаш жоиз, мазкур медаллар спортчиларимизнинг Паралимпия ўйинларидаги иккинчи медалларидир. Аввалги кунги мусобақаларда М.Одилова 100 метрга баттерфляй усулда сузишда иккинчи, Ш.Тошпўлатова 200 метрга комплекс усулда сузишда учинчи ўринни эгаллаган эди.

50 метрга эркин сузиш бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсларда Музаффар Турсунхўжаев 24.48 сония натижа билан ўзининг иккинчи бронза медалини қўлга киритди. У ҳам аввал ўтказилган 100 метрга баттерфляй усулда сузишда учинчи ўринни эгаллаган эди.

Енгил атлетиканинг ядро улоқтириш мусобақасида қатнашган тажрибали спортчимиз Ҳусниддин Норбеков 15,17 метр натижа қайд этиб, бронза медаль билан тақдирланди. Мазкур медаль унинг Паралимпия ўйинларидаги иккинчи медалидир. Атлетимиз диск улоқтириш мусобақасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилганди.

Айни пайтда Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 7 олтин, 6 кумуш, 17 бронза, жами 30 медаль бор.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг