Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 23/08/2022 Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Саломатлик ва соф табиат учун!» экологик акция ўтказилди
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Саломатлик ва соф табиат учун!» экологик акция ўтказилди

Ўзсаноатқурилишбанк томонидан «Саломатлик ва соф табиат учун!» экологик акция ўтказилди. Акция доирасида Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудини волонтёрлик асосида чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга оширилди.

Президентимиз раислигида шу йил 2 февраль куни чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши кераклиги таъкидланиб, бунга аҳолининг экологик маданиятини ошириш ва ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзсаноатқурилишбанкни трансформация қилиш жараёнида уни анъанавий банкдан «яшил» банк тизимига босқичма-босқич ўтказиш, бунда қатор «яшил» лойиҳаларни ишлаб чиқиш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинган.

Банк жамоаси юртимизда «яшил иқтисодиёт» концепцияси моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда аҳолининг экологик ва ижтимоий таваккалчиликлар борасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган турли тадбирларда фаол қатнашмоқда.

Ходимлар ўртасида экологик турмуш тарзи ва иш фаолиятини юритиш тамойилларига риоя этиш бўйича қатор «яшил» лойиҳалар амалга оширилмоқда.

«Саломатлик ва соф табиат учун!» экологик акцияси ана шу йўналишдаги амалий ишларнинг узвий давоми саналади.

Акция давомида Банк ходимлари ҳамда республикамизнинг турли нуқталаридан ихтиёрий тарзда жалб қилинган жамоатчилик вакиллари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманини баҳор ва ёз мавсумида тўпланиб қолган маиший чиқиндилардан тозалади.

– Банкимиз томонидан ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида амалга оширилаётган ҳукумат ислоҳотларида фаоллик кўрсатиши бежиз эмас, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Молиявий ресурсларни бошқариш бош директори И.Ҳудойберганов. – Бугунги кунда чиқиндилар энг долзарб ижтимоий муаммолардан бири бўлиб, улар ҳажмининг кўпайиши экологик барқарорликка жуда катта салбий таъсир кўрсата бошлаган. Акцияни айнан Бўстонлиқ туманида ўтказиш ташаббусига эса, унинг вилоятдаги муҳим экотуризм ҳудуд саналиши сабаб бўлди.

Шунингдек, акция доирасида Банк ходимлари учун яшил табиат қўйнида халқаро ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда тренинг ҳам ўтказилди.

Унда БМТ Тараққиёт дастури ва Global Green Growth Institute (Глобал яшил ривожланиш институти) вакиллари ўз компаниялари мисолида экологик муаммолар ечими ва режалари хусусида сўзлаб берди.

Сўнгра Банк мутахассислари меҳмонларни муассасанинг «Green banking» йўналишидаги фаолияти билан таништирди.

– Биз «яшил» банк тамойилларини илгари суриш ва ривожлантиришда Халқаро молия корпорацияси консультантлари билан бирга, экологлар ва техник мутахассисларни ҳам жалб этганмиз, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ «Green banking» департаменти директори в.в.б Б.Ахманов. – Яшил лойиҳалар сонини кўпайтириш мақсадида корпоратив, кичик ва ўрта бизнес ҳамда жисмоний шахс мақомидаги мижозларга мўлжаллаб «яшил» кредит маҳсулотларини жорий қилганмиз. Экологик ва ижтимоий таваккалчиликларни баҳолаш бўйича ички стандартларни тадбиқ этганмиз. 

Тадбирда шунингдек, «Green banking» тамойиллари Банкнинг ишлаб чиқариш жараёнида жорий этиш бошлангани, бунда энергия ва табиий ресурслардан фойдаланишни қисқартириш, жумладан, компьютерларни ишдан ташқари вақтда ухлаш режимига ўтказиш, бино ва хоналарни тўлиқ светодиод лампалари билан таъминлаш, ҳаракатланиш датчиклари ва сенсор кранлар ўрнатиш, ходимларни хизмат велосипедлари билан таъминлаш, велотураргоҳлар барпо этиш, манзарали ва мевали дарахтлар ўтказиш, чиқиндиларни саралаш, мижозлар билан банк операцияларини автоматлаштириш, шу жумладан, қоғоз истеъмолини йилига 30 фоизга қисқартириш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

Тренинг давомида орттирилган тажрибалардан келиб чиқиб ўртага ташланган янги ғоя ва таклифлар муҳокама этилди.

Тижорат хукуклари асосида

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг