Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Молия 12/03/2024 «Ўзсаноатқурилишбанк» да рақамли трансформация: банкка келмасдан банк хизматларидан фойдаланиш кўлами ортмоқда
«Ўзсаноатқурилишбанк» да рақамли трансформация: банкка келмасдан банк хизматларидан фойдаланиш кўлами ортмоқда

Жорий йилнинг 12 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзсаноатқурилишбанк тизимида рақамли трансформация жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк мутасаддилари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар хусусида батафсил маълумот берилди.

– Банк тизимида рақамли трансформация – бу молия муассасасида замонавий молиявий технологиялар, дастурлар ҳамда уларни қўллашда билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар кучи билан амалга оширилувчи ҳаракатлар мужмуидир, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Эргашев. –Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги «2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармони асосида муассаса фаолиятини ислоҳ қилиш жараёнидаги ишларнинг салмоқли қисмини рақамли трансформация эгаллади. Хусусан, 2022-2023 йиллар давомида банк томонидан ахборот технологиялари (IT) инфратузилмаси мустаҳкамланди, интернет ва мобил банкинг хизматлари такомиллаштирилди, янги турдаги онлайн хизмат ва маҳсулотлар жорий қилинди.

Пировардида, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, масофавий банк хизматларидан фойдаланувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар сони 34 мингдан ортди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маҳсулот ва хизматлар сотуви 57 фоизга ошди. Транзакциялар ҳажми 2022 йилда 6,5 трлн. сўмни ташкил қилган бўлса, ҳисобот даврига келиб унинг миқдори 25 трлн. сўмга етди. 

– Ўтган йилда «SQB Business» интернет банк хизмати орқали бажарилган амалиётлар ҳажми сезиларли даражада ошди, бунга сабаб унинг мобил версияси ҳам ишга туширилганидадир, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Рақамли бизнес департаменти директори Темур Норов. – Дастур фойдаланиш учун қулай ва содда интерфейсга эга, хавфсизлик жиҳатдан ҳам барча талабларга жавоб беради. Бугунги кунда платформа орқали мижозлар 24/7 режимида барча турдаги банк хизматларидан фойдаланиб, кундалик тўловларни амалга ошириб келмоқда. Унда депозит маблағларини тўлиқ жойлаштириш ва бошқариш имкони мавжуд. «Бухгалтерия 1С» дастури билан интеграция қилингани эса, мижозларга қўшимча қулайликлар туғдирмоқда.

Матбуот анжуманида «Joyda» мобил иловасининг янгиланган талқини, хусусан, уни янада содда ва жозибадор кўринишга келтириш мақсадида амалга оширилган ишлар, онлайн банк хизматлари ва маҳсулотлар бўйича тақдимот намойиш этилди.

Таъкидланишича, сўнгги йилда иловадаги хизматлар қаторига узоқ муддатли кредитлар, онлайн индентификация, «Visa alias» (барча давлатларда телефон рақами орқали Visа карталараро пул ўтказиш), кредит карта, валюта курслари, автотўлов хизматлари, электр энергия учун кредит каби хизматлар киритилган. 

Тадбирда кредитлаш соҳасида жорий қилинган CRM (Customer Relationship Management - Мижозлар билан ўзаро муносабатларни бошқариш) тизими ҳақида алоҳида тўхталинди.

– Тизимда мижозлар базаси ва «кредит конвейер» дастурий таъминоти жой олган, – дейди Т. Норов. – Улар асосида кредит буюртмаларига ишлов бериш, кредит ажратиш ва уни қайтариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. «Кредит конвейер» дастури гаровлар реестри, кредит бюроси, юридик шахслар реестри каби ташқи маълумот базалари билан интеграция қилинган бўлиб, бу мижоз сўровини ўрганиш жараёнини каррасига тезлаштирмоқда. 

Айни пайтда банк томонидан «кредит конвейер» дастурий таъминоти жисмоний шахсларга хизмат кўрсатишда қўлланилмоқда. Бунинг ҳисобига аризаларни кўриб чиқиш вақти 3 бараварга камайган, кредит маҳсулотларини сотиш ҳажми эса, 2,6 бараварга ўсган. Жорий йилда ушбу тизимни юридик шахс мақомидаги мижозлар учун ҳам ишга тушириш режалаштирилган.

– Рақамли эволюция давом этар экан, фаолиятимизни ушбу жараёнга мувофиқ ривожлантириб бориш устувор вазифа бўлиб қолаверади, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Лойиҳа бошқаруви офиси раҳбари Абдулазиз Мажидов. – Банкнинг 2023-2027 йилларга мўлжалланган IT стратегиясига кўра аҳоли ва тадбиркорларга кўплаб янгиликлар ҳозирлаганмиз. Хусусан, жорий йилда «SQB Business» дастурида мижозлар учун масофадан ҳисоб рақамлар очиш, иш ҳақи ва корпоратив карталарни онлайн расмийлаштириш, юридик шахсларга онлайн кредитлар ажратиш имкониятлари яратилади. Барча хизматлар пекети жойлаштирилади, хат-ҳужжатлар алмашинуви, кредит ва нокредит маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилади. «Joyda» мобил иловасидаги хизматлар мажмуи эса, халқаро банк карталари орқали контаксиз тўловларни амалга ошириш, халқаро пул ўтказмалари, QR тўловлар билан бойитилади. Хизматлар учун кешбеклар таклиф этилади. Бундан ташқари, ҳар икки дастурда барча турдаги кредитлар сотуви жорий қилинади.

Анжуманда, шунингдек кибертаҳдидлар шароитида мижозларга хавфсиз ва кафолатланган хизмат кўрсатиш мақсадида муҳим қадамлар ташлангани маълум қилинди.

Серверлар сиғими ва маълумотларни ҳимоя қилиш даражасини оширишга қаратилган банк IT тизимини янгилаш ва оптималлаштириш комплекс ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг