Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 20/10/2016 “Ўзнефтмаҳсулот” АК автомобиль эгаларига меъёридан ортиқча бензин сотиб олмасликни маслаҳат берди
“Ўзнефтмаҳсулот” АК автомобиль эгаларига меъёридан ортиқча бензин сотиб олмасликни маслаҳат берди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- “Турли хилдаги шов-шувларга учган автомобиль эгалари автобензинни керагидан ортиқда харид қилиб, ғамлаб олишга ҳаракат қилишмоқда”, - дейилади “Ўзнефтмаҳсулот” АК хабарида.

Компания сайтида хабар берилишича, сўнгги икки-уч кун мобайнида пойтахтдаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШларда) автобензинга навбатлар кузатилмоқда. Мазкур ҳолат Сизларнинг ҳақли эътирозларингизга сабаб бўлмоқда, албатта. Бироқ бундай вазият “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган омиллар натижасида юзага келмоқда.

Компаниянинг қайд этишича, Тошкентга вилоятлардан қатнаётган кўпчилик автомобиллар эгалари чайқовчилик ниятида турли йўллар билан керагидан ортиқча миқдорда автобензин олиб чиқиб кетишмоқда. Бундай ҳолатнинг олдини олиш мақсадида компания томонидан “Ўздавнефтгазинспекция” ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан бирга профилактика чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг таъкидлашича, айрим шов-шув ишқибозлари томонидан аҳоли орасида - “бундан кейин АЁҚШларда автобензин камайиб кетар экан”, – деган умуман ўринсиз хабарлар тарқатилмоқда. Хусусан, айрим автомобиль эгалари ўз уйлари ёки гаражларида автобензинни захира қилиб қўйишга киришишган.

Бу хусусда “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси шуни ишонтириб баён қиладики, юртимиздаги нефтни қайта ишлаш заводлари ёнилғи маҳсулотларини етарли ишлаб чиқармоқда ва бундан буён АЁҚШларга нафақат белгиланган миқдорда, балки унга қўшимча миқдорда ҳам автобензин етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Компаниянинг қайд этишича, автомобиллар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқдаки, мазкур ҳолат, ўз навбатида, автобензин истеъмолининг борган сайин ортиб боришига олиб келмоқда, бироқ компания томонидан автобензин ишлаб чиқариш кўрсаткичларини белгилашда бу омил ҳам назарда тутилган.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси мазкур вазиятни барқарорлаштириш учун нефтни қайта ишлаш заводларида автобензин ишлаб чиқариш миқдорини мумкин қадар кўпайтириш, шу жумладан четдан қўшимча миқдорда углеводород хом ашёсини келтириш ва истеъмолчиларни автобензин билан тегишли миқдорда таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг