Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 16/09/2016 ЎзЛиДеП Президент лавозимига Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатмоқда
ЎзЛиДеП Президент лавозимига Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил 16-сентябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида мажлис иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов хотирасини ёд этиб, ҳурмат бажо келтирдилар.

Мажлисда жорий йилнинг 4-декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу жараёнда ЎзЛиДеПнинг фаол иштирок этиши алоҳида таъкидланди. Ушбу масалалар мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун нормаларига тўла риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши белгилаб олинди.

Мажлис иштирокчилари мазкур сайловларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг номзоди ҳақидаги масалани ҳам атрофлича муҳокама қилдилар.

Хусусан, жойлардаги сайловчилар ва электорат хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб партиянинг навбатдаги VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, Ш.М.Мирзиёев давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибага, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга эга бўлиб, ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида юксак рахбарлик салоҳияти ва моҳир ташкилотчилик қобилиятини намоён этди.

Партия Ш.М.Мирзиёевни мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаш ва жамият тараққиётининг янги босқичида янада юқори даражага кўтариш салоҳиятига эга, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, барқарор иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг муваффақиятини таъминлашда масъулиятни тўла зиммасига олишга қодир бўлган шахс сифатида билади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилишини инобатга олиб, мажлис қатнашчилари томонидан навбатдаги партия съездини 2016-йил 14-октябрда ўтказишга келишиб олинди.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда Марказий сайлов комиссиясига партиянинг сайловлардаги иштироки билан боғлиқ ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш, жойларда ушбу муҳим тадбирга тайёргарлик борасидаги партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари конференцияларини ўтказиш ва бошқа зарур чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Шу билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг мажлиси ўз ишини якунлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг