Съезд иштирокчилари 2016-йил 4-декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари мамлакатимиз ижтимоий–сиёсий ҳаётида муҳим воқеа эканлиги, унда O‘zLiDePнинг фаол иштирок этиши лозимлигини қайд этдилар.
Анжуман қатнашчилари таъкидлаганларидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам асослари яратилди. Демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қонун устуворлиги, кўппартиявийлик, демократик сайловлар мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётининг ажралмас таркибий қисмига айланди.
Съезд иштирокчилари томонидан юртимизда ҳар томонлама ўзини оқлаган ислоҳотларнинг давомийлигини, Ватанимиздаги тинчлик ва осойишталик, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида фаол иш олиб бориш вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларига эга бўлган етакчи сиёсий куч сифатида O‘zLiDeP учун бундан буён ҳам асосий мақсад бўлиб қолиши таъкидланди.
Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида O‘zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган ривожланиш йўлини янги, юксак босқичга кўтаришга қодир, ислоҳотларнинг туб моҳиятини аниқ биладиган, уларни амалга ошириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлган, халқ тақдирини ўз тақдири билан чамбарчас боғлаб, доимо эл-юрт ташвиши билан яшайдиган, ташаббускор ва ташкилотчи шахс номзодини илгари суриш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Ана шу ҳолатларни ҳамда съезд делегатларининг чиқишларида ўз аксини топган сайловчилар ва кўп сонли партия электорати вакиллари фикрларини инобатга олган ҳолда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон-либерал демократик партиясининг Съезди бўлажак сайловларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кенг миқёсли ислоҳотларни амалга ошириш, мустақил давлатчилик асосларини барпо этиш ва мустаҳкамлашда, бозор тамойилларига асосланган мутлақо янги иқтисодий тизимни шакллантиришда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга узоқ йиллар елкадош бўлиб ишлаган, ўзининг бутун меҳнат фаолиятини Ватанимиз равнақига бағишлаб келаётган инсон, ўзининг амалий фаолияти билан юртдошларимиз орасида ҳақли равишда катта ҳурмат ва обрў-эътибор қозонган, партия Сиёсий Кенгашининг аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тадбирда O‘zLiDeP томонидан кўрсатилаётган номзод шу йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган сайловларда халқимиз томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирилди.
Съездда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод Ш.М.Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.
Съезд қарорига кўра O‘zLiDeP қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия номзодини рўйҳатга олишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мурожаат этади.
Съездда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати.