«Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва “Coca-Cola Uzbekistan" ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзелтехсаноат» уюшмаси масъуллари бугун “Coca-Cola Uzbekistan” компаниясида бўлиб, кооперация алоқаларини янада кенгайтириш бўйича учрашув ўтказдилар.
Мазкур учрашувда, уюшмага аъзо "Texnopark”, “Sam-Ferre”, “Artel”, “Premier” каби корхоналарнинг муҳандис ва сотув бўйича раҳбарлари қатнашдилар.
Бундан кўзланган асосий мақсад – “Coca-Cola Uzbekistan” компаниясига маҳаллий электротехника корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган савдо музлаткичларини етказиб бериш имкониятларини муҳокама қилиш бўлди.
“Coca-Cola Uzbekistan” компанияси ҳозирда 10 га яқин турдаги умумий қиймати $ 20 млн долларга яқин савдо музлаткичларини хориждан импорт қилиб келади.
Импортни оптимизация қилиш, маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича уюшма ва аъзо корхоналар томонидан олиб борилаётган бу каби ишлар муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда шунингдек «Coca-Cola» компаниясининг бош офиси, Туркия ва Франциядаги офислари мутасаддилари ҳам онлайн тарзда иштирок этдилар.
Тадбир якунида “Coca-Cola Uzbekistan” компанияси, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ва маҳаллий электротехника саноати корхоналари билан кооперация алоқаларини босқичма-босқич тарзда кенгайтиришга келишиб олинди.