Ўзбекистоннинг ёшлар терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 28 февралдан 6 мартга қадар Ўзбекистоннинг 18 ёшгача бўлган ёшлар терма жамоаси ўз тарихида илк бор U18 жаҳон чемпионатида иштирок этади. Жамоа III B дивизионида – эттинчи энг юқори даража. Турнир Бангкокда (Таиланд) бўлиб ўтади.
Аввалроқ, Ўзбекистон хоккей мактаблари тарбияланувчиларидан ташкил топган терма жамоа U18 Осиё ва Океания Кубогида икки марта чемпионликни қўлга киритган ва ҳеч бир учрашувда мағлубиятга учрамаган. Бу мусобақалар 2023 йил март ойида Улан-Батор (Монголия)да ва 2024 йил апрель ойида Тошкент ҳамда Самарқанд (Ўзбекистон) шаҳарларида ўтказилган.
Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг илк жаҳон чемпионатида Жанубий Африка Республикаси, Люксембург, Туркманистон, Босния ва Герцеговина ҳамда мезбон Таиланд жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Белгиланган ўйинлар тақвими:
28 февраль, 14:30 — Ўзбекистон vs ЖАР
1 март, 14:30 — Люксембург vs Ўзбекистон
3 март, 14:30 — Туркманистон vs Ўзбекистон
4 март, 11:00 — Ўзбекистон vs Босния ва Герцеговина
6 март, 18:00 — Таиланд vs Ўзбекистон
Қизиғи шундаки, Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) турнирнинг сўнгги учрашуви сифатида айнан Таиланд ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйинни белгилаган. Бу эса айнан шу икки жамоа чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида кўрилаётганини англатади.
Жанубий Африка жамоаси мусобақанинг аутсайдери ҳисобланса, Люксембург ўтган йили иштирок этмаган. Қолган уч жамоа эса Ўзбекистон учун жиддий рақиб бўлади.