Валюта курслари 19/11/2024
$1 – 12825.01
UZS – 0.1%
€1 – 13552.19
UZS – 0.15%
₽1 – 128.62
UZS – 0.19%
Қидириш
Ўзбекистон 17/01/2017 Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 32,12 млн. нафарни ташкил этди
Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 32,12 млн. нафарни ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Дастлабки маълумотларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2017-йил 1-январь ҳолатига 32121,1 минг кишини ташкил этиб, 2016-йилнинг 1-январь ҳолатига нисбатан 545,8 минг кишига ёки 1,7 фоизга ўсган. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16238,5 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 15882,6 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4 %) ташкил этди.

Туғилиш. Дастлабки маълумотларга кўра, 2016-йилнинг январь-декабрь даврида 726,8 мингта бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 22,8 промиллени ташкил қилди ва 2015-йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 промиллега камайди (2015-йилда 23,5 промилле бўлган).

Туғилиш коэффициентининг сезиларли даражада пасайиши Қорақалпоғистон Республикасида (23,3 промилледан 21,8 промиллегача), Сурхондарё (27,0 промилледан 25,8 промиллегача), Бухоро (21,9 ромилледан 20,9 промиллегача), Тошкент (21,1 промилледан 20,3 промиллегача), Андижон (24,1 промилледан 23,4 промиллегача), Қашқадарё (26,2 промилледан 25,5 промиллегача) ва Сирдарё (22,8 промилледан 22,1 промиллегача) вилоятларида қайд этилди.

Шунингдек, туғилиш коэффициентининг ўсиши Тошкент шаҳрида (18,0 промилледан 18,4 промиллегача) ва Навоий (22,0 промилледан 22,1 промиллегача) вилоятида кузатилди.

Ўлим. 2016-йилнинг январь-декабрь ойларида 154,5 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда ўлим коэффициенти 4,8 промиллени ташкил этди.

Шу билан бирга, ўлим коэффициентининг ўсиши Навоий (4,5 промилледан 4,7 промиллегача), Сурхондарё (4,1 промилледан 4,3 промиллегача), Сирдарё (4,8 промилледан 5,0 промиллегача), Қашқадарё (4,0 промилледан 4,1 промиллегача), Хоразм (4,5 промилледан 4,6 промиллегача) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (4,6 промилледан 4,7 промиллегача) кузатилди.

Ўлим коэффициентининг пасайиши Андижон (5,2 промилледан 5,1 промиллегача), Наманган (4,7 промилледан 4,6 промиллегача), Тошкент (5,9 промилледан 5,8 промиллегача), Фарғона (5,0 промилледан 4,9 промиллегача) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (6,9 промилледан 6,8 промиллегача) қайд этилди.

Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,6 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 9,4 фоизи - ўсимталардан, 6,7 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 5,9 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 4,9 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 1,9 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 11,6 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.

2016-йилнинг январь-декабрь даври мобайнида 7,7 мингта 1 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициенти 10,5 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган 1 ёшгача ўлган жами болаларнинг 56,7 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 22,4 фоизи - нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,8 фоизи - туғма аномалиялардан, 3,1 фоизи - юқумли ва паразитар касалликлардан, 1,9 фоизи - бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 0,6 фоизи - овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,5 фоизи - бошқа касалликлардан вафот этган.

Никоҳ ва ажримлар. 2016-йилнинг январь-декабрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 275,1 мингта никоҳ ва 29,4 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Республика бўйича никоҳ тузиш коэффициенти 8,6 промиллени, никоҳдан ажралиш коэффициенти эса 0,9 промиллени ташкил этди.

Никоҳ тузиш коэффициентининг пасайиши республиканинг барча ҳудудларида кузатилди. Сезиларли даражада никоҳ тузиш коэффициентининг пасайиши Қашқадарё (10,4 промилледан 9,3 промиллегача), Наманган (9,6 промилледан 8,6 промиллегача), Андижон (9,8 промилледан 8,9 промиллегача), Хоразм (9,4 промилледан 8,5 промиллегача), Сурхондарё (9,8 промилледан 9,1 промиллегача) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (7,8 промилледан 7,1 промиллегача) қайд этилди.

Шу билан бирга, никоҳдан ажралиш коэффициентининг ўсиши Жиззах (0,6 промилледан 0,7 промиллегача), Сирдарё (1,0 промилледан 1,1 промиллегача), Хоразм (0,6 промилледан 0,7 промиллегача) вилоятларида ва ушбу коэффициентнинг пасайиши Бухоро (1,0 промилледан 0,9 промиллегача), Навоий (1,2 промилледан 1,1 промиллегача), Тошкент (1,3 промилледан 1,2 промиллегача) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (2,1 промилледан 1,8 промиллегача) кузатилди.

Миграция. 2016-йилнинг январь-декабрь даврида республика бўйича кўчиб келганлар сони 141,7 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 168,3 минг кишини ташкил этди. Миграция сальдоси минус 26,6 минг кишини ташкил этди (2015-йилда минус 29,3 минг киши бўлган).

Миграция сальдосининг юқори даражаси Тошкент (минус 5,5 минг киши), Самарқанд (минус 4,4 минг киши) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (минус 4,6 минг киши) қайд этилди, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг