Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Шу кунларда Деҳли шаҳрида Ҳиндистон эшиттиришлар вазирлиги кўмаги билан “Doordarshan” телерадиокорпорацияси ва Осиё-Тинч океани эшиттиришлар уюшмаси ҳамкорлигида халқаро рақс фестивали ташкил этилди.
Мазкур йирик маданий тадбирда мезбон мамлакат вакилларидан ташқари, Афғонистон, Бангладеш, Непал, Малайзия, Туркманистон, Сингапур, Хитой, Лаос каби 12 та давлатдан рақс жамоалари иштирок этди. Ўзбекистон номидан эса “Ниҳол” мукофоти соҳиби Шерзод Кенжабоев ҳамда таниқли санъат устаси Гулбаҳор Мадраҳимова бошчилигидаги “Навбаҳор” рақс дастаси қатнашган.
Бу ҳақда ЎзАга мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, фестивалда юртимиз вакиллари “Гулдаста” ва “Лаган” рақси композицияси билан хорижлик мухлислар олқишини олган.
Фестиваль раҳбари, “Doordarshan” мутасаддиси Рупа Мехта ҳам ўзбек рақс усталари маҳоратини юқори баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, сержилва ва ёрқин ўзбек рақси кўп жиҳатлари билан ҳинд рақсига ўхшайди.
Тадбир ташкилотчиларидан яна бири, Осиё-Тинч океани эшиттиришлар уюшмаси вакили Оля Бояр эса халқаро рақс фестивали келаси йилда ҳам ўзбекистонлик рақс усталарини чорлаб қолишини билдирган.