Валюта курслари 18/04/2025
$1 – 12964.43
UZS – -0.23%
€1 – 14744.45
UZS – -0.12%
₽1 – 158.28
UZS – 0.38%
Қидириш
Технологиялар 08/04/2025 Ўзбекистонлик мутахассислар AtomSkills-2025 халқаро чемпионатида иштирок этди

Ўзбекистонлик мутахассислар AtomSkills-2025 халқаро чемпионатида иштирок этди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Екатеринбург шаҳрида AtomSkills-2025 касбий маҳорат бўйича ўнинчи юбилей чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мусобақада Россия, МДҲ давлатлари ва бошқа қатор хорижий мамлакатлардан икки мингдан ортиқ иштирокчи ва мутахассислар қаторида Ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этди. Чемпионат доирасида 44 та йўналиш бўйича беллашувлар ташкил этилди. Илк бор ўтказилган AtomSkills чемпионати 10 та йўналиш бўйича ўтказилган бўлиб, унда тахминан 450 нафар мутахассис ва экспертлар қатнашган эди.

Беш кун мобайнида AtomSkills-2025 чемпионатининг асосий ва талабалар лигасида ўз касби бўйича энг яхши номини қўлга киритиш учун «Росатом»нинг 16 та дивизион ва корхона жамоалари, йирик компаниялар терма жамоалари ҳамда талабалар ўзаро куч синашди. Жорий йили ўз жамоаларини тақдим этган олий ўқув юртлари ва коллежлар сони 70 тага етди.

Чемпионатнинг ишбилармонлик дастурида ҳам Ўзбекистонлик мутахассислар фаол иштирок этиб, касбий алоқаларни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга ҳисса қўшди.

Профессионал таълимни ривожлантириш институти директори Зайниддин Худойбердиев бундай тадбирлар ёшларнинг касбий даражасини оширишга ва уларнинг компетенцияларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, чемпионатнинг иш берувчилар билан ҳамкорликда ташкил этилиши ёшларда ушбу соҳада ўз келажагини кўришга бўлган қизиқишни янада оширади.

Тадбир иштирокчи давлатларнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг касбий таълим тизими олдида турган вазифаларни муҳокама қилиш учун ўзига хос майдонга айланди. Мамлакатимизда биринчи АЭС қурилиши илмий-техник ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш учун янги имкониятлар очмоқда. Чемпионатнинг касбга йўналтириш йўналиши доирасида мактаб ўқувчилари ва талабалар атом саноатида талаб юқори бўлган мутахассисликлар билан яқиндан танишиш ҳамда «Росатом» давлат корпорацияси корхоналарида тажриба ўташ учун рўйхатдан ўтиш имконига эга бўлди.

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети профессори, фан ва инновациялар бўйича проректори Тўлқин Нурмуродов атом энергетикаси Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унга кўра, мамлакат ҳозир жадал ривожланмоқда ва аҳоли сони ҳар йили деярли бир миллион кишига кўпаймоқда. Унинг таъкидлашича, бу улкан ва тез суръатларда ўсиб бораётган инсон капиталини яратади. Нурмуродовнинг қайд этишича, энергетика ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, АЭС қурилиши фақат барқарор электр таъминотини таъминлаш билан чекланмасдан, балки мамлакатда фан ва иқтисодиёт ривожига кучли туртки беради. Шунингдек, у атом технологиялари бугун фақат энергетика соҳасида эмас, балки тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда ҳам талаб юқори эканини таъкидлади.

Чемпионат иштирокчилари халқаро стандартлар асосида тайёрланган вазифаларни бажарди. Мусобақа қисми билан бир қаторда, тадбир доирасида мазмунли ишбилармонлик дастури ҳам ташкил этилди. Тадбир доирасида «Росатом Ота-оналар лигаси» форуми ва «Яшил қалам» («Зеленая ручка») конференцияси ўтказилиб, ёшларда касбий мотивацияни шакллантириш ҳамда инженерлик тафаккурини ёшликдан ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон учун бундай тадбирларда иштирок этиш нафақат энергетик мустақилликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, балки халқаро касбий ҳамжамиятга интеграцияланиш йўлини ҳам очади. Бундан ташқари, бу мутахассислар ва талабалар учун янги имкониятларни яратиб, атом саноатининг етакчи жаҳон компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг