Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Иқтисод 14/09/2018 Ўзбекистонда январь-август ойлари ташқи савдо айланмаси 20,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди
Ўзбекистонда январь-август ойлари ташқи савдо айланмаси 20,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2018 йил январь-август ойлари якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 20,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 %га ўсди. Шу жумладан, экспорт ҳажми 8,6 млрд. АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4 %) ва импорт ҳажми 12,0 млрд. АҚШ долларига (ўсиш суръати 31,2 %) етди. Ташқи савдо сальдоси минус 3,4 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан саноат тузилмасини диверсификация қилиниши, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи товар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада оширилиши натижасида экспорт таркибида сезиларли ўзгаришга эришилди. Жумладан, хом-ашё экспортидан, қўшилган қиймати юқори ҳамда сармоя талаб товарлар экспортига йўналтирилган ташқи савдо амалга оширилмоқда.

2018 йил январь-август ойларида республика ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга давлатлар кетмакетлиги жорий йилнинг январь-июль ойларига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди.

Республикада ташқи савдони қўллаб-қувватлаш ҳамда МДҲ давлатлари билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида 2018 йил январь-август ойларида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,6 % ошди ва 38,8 % га етди.

Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2017 йилнинг январь-август ойларида 66,8 %ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида эса ташқи савдо айланмаси 61,2 %га тушди.

2018 йил январь-август ойларида экспорт ҳажми 8,6 млрд. АҚШ долларга (ўсиш суръати 4,4%) тенг бўлди. Экспорт таркибида товарлар 76,9 % улушга эга, булар асосан энергия манбаалари ва нефть маҳсулотлари (20,4 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,6 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,2 %) гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Хизматлар экспорти ҳажми 1981,3 млн. АҚШ долларини ёки жами экспорт ҳажмининг 23,1 %ини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,0 %га ўсганлиги кузатилди. Хизматлар экспорти таркибининг асосий улуши транспорт хизматлари, туризм хизматлари, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари, молиявий хизматларидан иборат.

Республикадан экспорт қилинаётган товар ва хизматларнинг асосий қисми Хитой Халқ Республикаси ва Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса умумий экспорт ҳажмининг 36,5 % ини ташкил қилади.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт таркибига қаралса, 2018 йилнинг январь-август ойларида 487,7 минг тоннадан кўпроқ сабзавотлар 218,8 млн. АҚШ долларига ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 253,7 минг тоннага кўп миқдорда экспорт қилинган. Шунингдек, 204,5 минг тонна мева ва резаворлар 289,6 млн. АҚШ долларига экспорт қилинган бўлиб, экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38,7 минг тоннага кўпдир.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида 870,4 млн. АҚШ доллари миқдорида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 %га ўсиб, умумий экспорт ҳажмининг 10,1 %ини ташкил қилди. Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибидан пахтадан йигирилган ип (57,5 %), тайёр тўқима матолар ва тикувчилик кийимлари (22,6 %) асосий улушни эгаллаган. Йил бошидан 305 турдан ортиқ маҳсулотлар дунёнинг 54 та давлатига экспорт қилинди.

Жорий йилнинг январь-август ойларида импорт ҳажми 12,0 млрд. АҚШ долларига (ўсиш суръати 31,2 %) тенг бўлди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва асбоб ускуналар (40,1%), кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (13,4 %) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари (9,1 %) гуруҳлари ҳисобига тўғри келди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг