Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейсининг фаолияти чекланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейсининг фаолияти чекланади. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) ва Солиқ қўмитасининг қўшма баёнотида маълум қилинди.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги 885-сонли қарорига биноан, электрон тижорат операторлари, жумладан, электрон савдо платформалари фақат Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин. Ушбу норма қарорнинг расмий эълон қилинган пайтидан бошлаб кучга кирган.
Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатадиган хорижий маркетплейслар фаолияти ўрганилганида, бир қатор платформаларнинг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳаларидаги миллий қонунчилик талабларига мос келмаслиги аниқланган.
“Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, 2025 йил 20 мартдан бошлаб Temu платформасидан фойдаланиш чекланади”, — дейилади баёнотда.
Ўзбекистон фуқароларига Temuда янги буюртмалар беришдан тийилиш, шунингдек, олдин амалга оширилган харидлар бўйича пулни қайтариш жараёнини расмийлаштириш тавсия этилади.
Бундан ташқари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси фойдаланувчиларни ҳушёр бўлишга чақириб, Ўзбекистонда локализация қилинмаган ёки Солиқ қўмитасининг расмий рўйхатларида (хорижий компаниялар рўйхати, маркетплейслар рўйхати) қайд этилмаган хорижий маркетплейслардан фойдаланмасликни тавсия қилди. Фойдаланувчиларга эҳтиёткорлик чоралари кўриш ва рўйхатдан ўтмаган платформаларга шахсий ёки бошқа турдаги маълумотларни тақдим этмаслик зарурлиги эслатилди.
#Temu