Глобал рақамли оператор рақамли реклама технологияларини ривожлантирадиган махсуслаштирилган компанияни таъсис этди. VEON AdTech бош қароргоҳи Тошкентда жойлашди. Янги компания ишланмалари VEON мавжуд бўлган барча мамлакатларда қўлланилади.
AdTech соҳаси сунъий интеллект ва Big Data’дан фойдаланиш орқали реклама кампанияларининг самарадорлигини оширадиган технологияларни ўз ичига олади. Реклама берувчилар бозор эҳтиёжларини ўрганиш, дўконларда харидорларнинг фаоллигини тадқиқ қилиш ёки танланган ҳудудлардаги трафикни таҳлил қилиш орқали мижозларга юқори аниқлик билан хабарларни жўнатиш имкониятига эга бўладилар.
Натижада савдо суръатини ошириш, реклама бюджетларини оптимизация қилиш, савдо нуқтасини очишда, нотўғри жой танлаш сабабли маблағ йўқотишнинг олдини олиш мумкин бўлади. Рақамли маркетинг хизматлари кичикдан глобалгача, ҳар қандай ўлчамдаги бизнесга қаратилган, жумладан давлат сектори ҳам ушбу хизматлардан фойдаланиши мумкин. Шу тарзда VEON AdTech ишланмалари Гуруҳ компаниялари мавжуд бўлган мамлакатларнинг иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради, мазкур бозорларда 2023-йилда digital-рекламага қилинадиган харажатлар $1.3 миллиардга баҳоланмоқда.
Каан Терзиоглу, VEON Group бош директори:
“Реклама бозорининг ривожланиш учун салоҳияти жуда катта. Гуруҳ компанияларининг ҳар бири аллақачон мижозларга йўналтирилган активлар ва технологияларнинг кучли портфелига эга. AdTech соҳасида кескин ўсиб бораётган имкониятлар шарофати билан бизнинг digital-операторларимиз маҳаллий иқтисодиёт ўсишини кучайтириб, бизнес ва сўнгги фойдаланувчини бирлаштиради”.
Джордж Хелд, VEON реклама бизнесини ривожлантириш директори:
“Махсус бизнес бўлинмасининг шаклланиши гуруҳнинг реклама технологиялари жорий этилиши ва янги хизматлар яратилишини тезлаштиради. 2022-йилда Гуруҳга кирувчи операторларимиз илғор технологияларга таянган ҳолда дунё ва гуруҳ мамлакатларининг етакчи брендлари учун рақамли реклама имкониятлари ва хизматларини намойиш этишди."
VEON Group учун ноёб дастурий таъминот ишлаб чиқарилаётган маскан сифатида Ўзбекистон танлангани бежиздан эмас. Республика “Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш орқали рақамли иқтисодиёти ривожланган давлатга айланмоқда. Марказий Осиёда IT-hub статуси digital-маркетинг хизматларини барпо этиш ва жорий этишни ўз олдига мақсад қилиб олган юқори технологик компаниянинг бош қароргоҳини очиш учун имкон яратди.
Анджей Малиновски, Beeline Uzbekistan бош директори:
“Сўнгги икки йил мобайнида биз рақамли хизматлар сонини ошириш, университетлар билан ҳамкорлик бошлаш, ёш IT-мутахассислар учун хакатонлар ўтказиш орқали Ўзбекистондаги digital-трасформацияни қўллаб-қувватлаяпмиз. VEON AdTech пайдо бўлиши — ушбу анъананинг ажойиб давоми. Мамлакатда шундай миқёсдаги компания пайдо бўлиши технологиялар ривожи давом этиши ҳамда digital соҳада мутахассислар малакаси ўсишига ёрдам беради”.
Digital-маркетингнинг жиҳатлари ва имкониятлари VEON Mobile ID технологиясига асосланган бўлиб, у юқори даражали махфийликни таъминлайди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаган ҳолда, реклама кампанияларининг барча маълумотлари компания иш юритадиган мамлакатнинг ўзида таҳлил қилинади.