Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 30 январь куни “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг самарадорлиги ва шаҳарлар барқарорлиги учун натижага асосланган молиялаштириш” (Performance-Based Financing for Local Governments Effectiveness and Urban Sustainability – PforR) ва “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари бўйича семинар ўтказилди.
Семинарда, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик (урбанизация) бўйича катта мутахассиси Моҳамад Нада, Шаҳарсозликни молиялаштириш бўйича мутахасис Иброҳим Али Хон ва Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича маслаҳатчиси Лола Вико, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш департаменти ва Давлат бюджети сиёсати департаменти масъул ходимлари, Қўнғирот, Сирдарё, Қува туманлари ҳамда Янгийўл шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари иштирокида семинар ташкил этилди.
Семинарда, лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа олди ҳужжатларни ишлаб чиқиш, лойиҳаларни молиялаштириш, самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва натижадорликка эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-223-сонли Фармонига мувофиқ белгиланган жадал комплекс ривожлантириш дастури лойиҳалари ишлаб чиқиладиган 15 та туман (шаҳар)ларда мазкур лойиҳани амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Семинар якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда лойиҳа доирасида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширишга келишиб олинди.