Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореянинг “АҲА Co., L” компанияси Фарғона вилоятида мактаблар учун ақлли доскалар ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш шохобчалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва “АҲА Co., Ltd” компанияси раҳбари Ку Ги До ўртасида корхона ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Фарғона вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Жанубий Кореяга ташрифи доирасида “АҲА Co., Ltd” компаниясида бўлиб, бир қатор учрашувлар ўтказди.
Мазкур компания 1995 йилда ташкил топган бўлиб, таълим технологиялари (EdTech), соғлиқни сақлаш ва электр транспорт воситаларини (EV) зарядлаш қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг Япония, Германия, Қозоғистон ва АҚШда халқаро филиаллари ташкил этилган бўлиб, 2024 йил ҳолатига кўра, компаниянинг бозор капиталлашуви 28,88 млн. доллар, умумий савдо даромади 55,9 млн. долларни ташкил этди.
Компания раҳбари Ку Ги До фаолияти ҳақида сўз юритиб, сўнгги йиллардаги замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари ва маҳсулотлари бўйича маълумот берди. Ўзбекистонда ҳам ҳамкорликда бизнес қилиш истаги борлигини билдирди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғонада лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиб берилишини, ҳамкорликка тайёрлигини айтиб ўтди.
Учрашувда Кимпо ва Коян шаҳарларининг Савдо-саноат палатаси раҳбарлари, 20 мингдан зиёд тадбиркорлари борлигини, Ўзбекистонда инвесторлар учун яратилган имкониятларни таништириш муҳимлигини қайд этди.
Делегация аъзолари компания томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишдилар.
Учрашув якунида AHA Co., Ltd компанияси билан вилоятимизда мактаблар учун смарт доскалар ҳамда электромобиллар учун зарядловчи станция қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.