Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари (МИХ) ойига 669 минг сўмгача оширилди.
Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан МИХнинг янгиланган кўрсаткичлари эълон қилинди. Бу кўрсаткич камбағаллик чегарасини аниқлаш учун асос сифатида қўлланилади. Қайта кўриб чиқиш натижасида МИХ 3,2% оширилиб, ойига ҳар бир инсон учун 648 минг сўмдан 669 минг сўмга (кунлик 21,3 минг сўмдан 22 минг сўмгача) етказилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, агентлик ҳар йили 20 январдан кечикмасдан МИХнинг миқдорини эълон қилиши шарт.
МИХнинг аввалги ошиши 30 апрелда рўй берган бўлиб, у 4,3%га оширилган эди. Бу газ ва электр энергияси тарифлари ошишидан аввал амалга оширилган. Бундан олдин, ўтган йилнинг 20 январида, кўрсаткич 9,3%га кўтарилган.
Келгуси йил учун МИХ инфляция даражаси ва озиқ-овқат, ноозиқ-овқат товарлари ҳамда хизматлар нархининг ошиши инобатга олиниб индексация қилинади.
2022 йилдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри» тизимида кам таъминланган оилаларни аниқлашда қўлланиладиган ўртача даромад мезони МИХга тенглаштирилди.
Бир қатор ижтимоий тўловлар МИХдан паст бўлиши мумкин эмас. Жумладан, 2024 йил сентябрь ойида қуйидаги тўловлар оширилди:
Меҳнат стажи етмайдиган кексалар учун нафақа;
Тўлиқ бўлмаган иш стажи учун ёшга доир минимал пенсия;
18 ёшгача доимий парваришга муҳтож ногирон боланинг қонуний вакили учун нафақа.
МИХни ҳисоблаш усули инсоннинг кундалик озиқ-овқат, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматларга бўлган асосий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган харажатларни аниқлашга асосланади.