Бугун Ўзбекистонда «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ривожлантириш ва давлат бошқарувини номарказлаштириш» лойиҳаси ишга туширилди. Бу ҳақда 2023 йил 14 декабрь куни Адлия вазирлиги ҳамда АҚШ тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.
Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси, Давлат xизматини ривожлантириш агентлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлигининг (Chemonics International) ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 15.2 миллион долларни ташкил қилади.
Лойиҳада ижро ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонларни ишлаб чиқиш, ҳокимиятнинг вакиллик органлари ва ижро ҳокимияти идоралари ўртасида яқин ҳамкорликни таъминлаш, давлат бошқарувида очиқликка асосланган, самарали қарорлар қабул қилиш тизимини татбиқ этиш ва давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, такрорланувчи вазифа ва функцияларни бекор қилиш, давлат органларини фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий аxборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлигини ошириш, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назорати каби масалалар назарда тутилган.
Маълумки, Ўзбекистонда бошланган навбатдаги маъмурий ислоҳотлар натижасида ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага, шу жумладан вазирликлар сони 21 тагача қисқарди, 20 та идора тўлиқ тугатилди. Ижро этувчи ҳокимият янада иxчамлашиб, профессионал, xалқимиз талабларига жавоб берадиган, юқори натижадорликка йўналтирилган давлат бошқаруви тизими шакллантирилмоқда.
Ишга туширилаётган мазкур лойиҳа, ҳозирда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлардан кўзланган мақсадларга эришишга кўмак беради.
Шу билан бирга, тадбир давомида лойиҳани ишга туширишга бағишланган тадбир давомида Адлия вазирлиги ва АҚШ Xалқаро тараққиёт агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу ҳужжатда маҳаллий давлат ҳокимияти фаолияти самадорлигини таъминлаш ва унда фуқаролар иштирокини рағбатлантириш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари салоҳиятини кучайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.