Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 18/11/2016 Ўзбекистонда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солинди
Ўзбекистонда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солинди, дея хабар беради Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева.

“Юртимизнинг биринчи Президенти оламдан ўтганларига икки ярим ой бўлди. Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия Фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган”, - дея хабар берди у.

Лоланинг сўзларига кўра, Фонднинг бирламчи вазифаларидан бири мамлакатимиз ҳамда ҳорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.

Ислом Каримов Фонди томонидан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юрти ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга оширилади. Ушбу дастурлар доирасида Ислом Каримов Фонди истеъдодли ёшларга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олишлари учун грантлар тақдим этади. Мамлакатимизда илм-фаннинг тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида Фонд томонидан илмий тадқиқот дастурларига ҳам грантлар ажратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Ислом Каримов Фонди ўз фаолиятида ўзбек тилини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришни ўз олдига мақсад қилиб олган. Фонд томонидан ўзбек классик ҳамда замонавий ёзувчилар асарларини чет тилларга таржимаси ва нашри учун грантлар берилади.

Она юртимизнинг анъаналари, адабиёти ҳамда халқимизинг бой маданий меросининг бошқа жабҳаларига тегишли адабиётлар нашр этмоқлик ҳам Фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг