Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Маданият 24/03/2019 Ўзбекистонда илк инновацион QR кодли шеърий тўплам нашр этилди
Ўзбекистонда илк инновацион QR кодли шеърий тўплам нашр этилди

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар Уюшмаси ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази билан ҳамкорликда китобхонликни кенг ва мақсадли тарғиб қилиш, ўқувчиларни китоб ўқишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлашнинг инновацион усулларини жорий этмоқда.

Ана шундай инновацион фаолиятлардан бири бу ­QR кодлар жойлашган китобларни чоп этишдир. Шоира, ўқитувчи Дил Бонунинг ”Қалбим кўзгуси” номли шеърий тўплами QR кодларда жойлашган аудио маълумотларни ўз ичига олган биринчи китобдир. Китобни варақларкансиз, бир қарашда бирор ноанъанавийлик сезмаслигингиз ҳам мумкин. Аммо тўпламнинг ҳар бир варағининг чап ёки ўнг томонидаги махсусQR код туширилган бўлиб, мобил телефондаги илова орқали муаллиф томонидан ўқилган шеърларни шеър мазмунига мос мусиқа остида тинглаш мумкин.

Одатда QR код маҳсулот ёрлиқларида, реклама маҳсулотларида қўлланилади. Аммо QR кодли бундай шаклдаги шеърий китоб инновацион янгилик сифатида илк маротаба жорий этилди. Бадиий матн, хусусан шеърий асарнинг мазмун-моҳияти, унинг поэтикаси ва руҳиятини бирор ким муаллифдан яхшироқ талқин этолмаслигини инобатга олсак, бундай китобнинг яратилиши ахборот етказиш ва сақлашнинг янги, мукаммал усулини кашф этди. Китобнинг анъанавий босма нашри билан аудио шаклининг уйғунлашуви матбаа соҳасида янги имкониятларнинг очилишига хизмат қилади.

Дил Бону – нафақат шоир, балки ўқитувчи бўлгани боис ҳам ёшларни китобга ошно қилишнинг янги усулига қўл ураркан, тажриба қилишдан чўчимайдиган ижодкор сифатида ўзини намоён этди. У шеърият ихлосмандлари кўнглига янада яқин бўлиш, уларни китоб ўқишга қизиқтириш мақсадида шеърларини гўзал мусиқага ҳамоҳанг ўқиб, ўқувчига тақдим этди. Ижод маҳсулининг мазкур янгича йўналишдаги талқинини шеъриятнинг янги бир авангард жанри сифатида ҳам қабул қилиш мумкин.

Агар шундай усулдан фойдаланиб ижтимоий-сиёсий, илмий-оммабоп адабиётлар, турли фан йўналишлари бўйича методик адабиётлар, луғатлар, маълумотномалар, энциклопедик асарлар, турли библиографик нашрларни чоп этиш ўқувчиларга, хусусан имконияти чекланган инсонларга қулайлик яратади.

Манба: ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг