Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 23/05/2019 Ўзбекистонда энергия тизимини моделлаштириш ва оптималлаштиришга ўтилади
O'zbekistonda energiya tizimini modellashtirish va optimallashtirishga o'tiladi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) – Жорий йилнинг 22 май куни Тошкентда интеллектуал энергия мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбир "Wärtsilä" корпорацияси (Финляндия) ва "Smart Asia Labs" МЧЖ (Ўзбекистон) томонидан Финляндиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ходимлари иштирок этди.

Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мария Лиивала тадбир очилишида сўзга чиқди. У Ўзбекистонда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар  самарали ва юксак суръатлар билан амалга оширилаётганини қайд этди ва финляндиялик  эксперт ва мутахассислар ушбу соҳадаги тажрибалари  ҳамда технологияларини ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўртоқлашишга тайёр эканлигини билдирди.

Семинар давомида энергия олишнинг замонавий усуллари ва энергетика тизимларини модернизация қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди, энергетика тизимида ва жаҳон мамлакатлари иқтисодиётида қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўрни ўсиб бораётгани таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, семинар энергетика соҳаси мутахассислари учун назарий ва амалий хусусиятга эга бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва идоравий корхоналар вакиллари иштирок этдилар. Семинарда дунёнинг турли мамлакатлари мисолида энергия хавфсизлиги масалаларига оид аниқ  мисолларга эътибор қаратилди. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистонда энергия тизимини моделлаштириш ва оптималлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

“Wärtsilä” корпорацияси мутахассислари турли технологиялар ўртасидаги ўзига хос таснифлар, жумладан, турли хил мақсадлар учун фойдаланиладиган ички ёнув двигателларини электр станцияларига мослаштириш борасида гапириб бердилар.

Семинар мавзусига кўра учта сессияга бўлинган ҳолда ўтказилди.

Биринчи сессия, энергетика соҳасидаги мавжуд тенденциялар ва келажак истиқболларига бағишланди. Сессия доирасида иштирокчилар жаҳон энергетика бозоридаги сўнгги тенденциялар ва ривожланиш омиллари, шунингдек, “Wärtsilä” корпорациясининг интеллектуал энергияга бўлган нуқтаи назари билан танишдилар.

Иккинчи сессияда муайян мисолларга таянган ҳолда замонавий  энергетика тизимини моделлаштириш масалалари ёритилди.

Учинчи сессиянинг мавзуси ички ёниш двигателларига асосланган  электр станциялари бўлди. Иштирокчилар ушбу технологияларни қўллашнинг афзалликлари ва йўналишлари, улардан фойдаланиш давомида активларни бошқариш масалалари хусусида тушунчаларга эга бўлдилар.

Семинар интерфаол шаклда ташкил этилгани сабабли,  иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг