Валюта курслари 27/12/2024
$1 – 12920.48
UZS – -0.06%
€1 – 13436.01
UZS – -0.19%
₽1 – 130.17
UZS – 0.39%
Қидириш
Технологиялар 14/04/2012 Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистонда электрон тижоратни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан ҳамкорликда “Электрон тўловлар тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш: амалиёт, муаммолар ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар, банк ва молия муассасалари, ахборот технологиялари соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг вакиллари, эксперт-мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ушбу давра суҳбатини ўтказшдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда электрон тўловлар ва электрон тижорат тизимини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, тижорат фаолияти ва тадбиркорликда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишни янада рағбатлантириш, Интернет тизими орқали коммунал ва бошқа тўловларни йўлга қўйиш, маҳаллий товарлар ва хизматларни ташқи бозорда реализация қилишда электрон тижорат инфратузилмасини шакллантириш масалаларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Давра суҳбати иштирокчилари қайд этганларидек, мамлакатимизда ўтган йиллар давомида иқтисодиётимиз тармоқларига замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини кенг жорий этишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди.

Миллий иқтисодиётимизга замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг кенг татбиқ этилиши, ўз навбатида, истеъмолчилар билан ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янги бочқичга олиб чиқди. Хўжалик юритувчи субъектлар, жумладан кичик бизнес ва тадбиркорлик вакиллари ўз фаолиятлари жараёнида электрон тўловлар ва электрон тижорат имкониятларидан самарали фойдаланишлари уларнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий натижаларга эришишига асос яратади.

Мамлакатимиз банк ва молия муассаслари Интернет глобал тармоғи ва мобил алоқа воситалари орқали уз мижозларига масофадан туриб электрон тўловлар, “СМС-банкинг”, “Мобил-банкинг” каби интерактив банк хизматларни кўрсатмоқда. Банк-молия секторида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг ошиб бориш тенденцияси дунёнинг кўпгина ривожланган давлатларга хос хусусиятдир. Давра суҳбати иштирокчилари кун тартибидаги масала хусусида фикр юритиб, бугунги кунда тижорат фаолияти ва тадбиркорликда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, истеъмолчиларга электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа коммунал хизматларини кўрсатишда автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этиш, тўловлар ҳисобини юритиш ва электрон тўловларни амалга ошириш мақсадида соҳа корхона ва ташкилотларида биллинг тизимларини жорий қилшга қаратилган таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар.

Сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари вакиллари ўзларининг сайловолди платформалари ва ҳаракат дастурларидан келиб чиқиб, муҳокама этилган масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Давра суҳбати якуни бўйича “Электрон тўловлар тўғрисида”ги ва “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштиришга ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига йўналтирилган тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг