Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Ўзбекистон 10/10/2016 Ўзбекистонда Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни кенг нишонланди
Ўзбекистонда Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни кенг нишонланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мазкур сана муносабати билан 2016-йилнинг 7-октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ижтимоий шериклар ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) иштирокида «Меҳнат соҳасининг истиқболдаги масалалари бўйича миллий мулоқот» мавзусида конференция ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва муассаса, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ЕХҲТ, ЮНИСЕФ, ХМТ каби халқаро ташкилотлар, элчихоналар вакиллари иштирок этди.

Конференция давомида «Меҳнат ва жамият», «Барча учун муносиб иш ўринлари», «Меҳнат ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Меҳнат соҳасини бошқариш» каби йўналишларда баҳслар ташкил этилди. Мазкур йўналишларда Ўзбекистонда зарур чоралар кўрилаётгани, жумладан, барқарор иш ўринлари яратилаётгани, ижтимоий ҳимоя тизими кенгайтирилаётгани таъкидланди.

Жумладан, ҳар йили 1 миллионга яқин иш ўринлари яратилмоқда. Жойларда уларнинг чиндан ҳам шакллантирилганлиги, муносиб меҳнат шароитлари таъминлангани устидан жамоатчилик мониторинги ўрнатилган. Касаначилик, ҳунармандлик, шахсий хўжаликларда чорвачилик билан шуғулланишни рағбатлантириш орқали бандликни таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, иқтисодиётда банд бўлганларнинг 80 фоизини ташкил этувчи, ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоизини таъминловчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳолини иш билан таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш учун давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида самарали ижтимоий мулоқот ўрнатилган. Жумладан, ҳукумат, касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича бош келишув имзоланган ва амалиётда қўлланмоқда. Мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш, меҳнат муносабатларида иш қобилиятига алоқадор бўлмаган аломатларга қараб камситиш муаммолари мавжуд эмас. Аҳоли даромадлари орасида тенгсизлик кучайишига йўл қўйилмайди.

Конференция давомида меҳнат соҳаси йўналишлари бўйича қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, давлат меҳнат инспекциялари салоҳиятини мустаҳкамлаш, улар фаолиятида янги технологияларни жорий этиш, хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш ва татбиқ этиш таклиф этилди.

Тадбир давомида ва жойлардан олинган таклифлар умумлаштирилиши ва тавсиялар тариқасида Халқаро меҳнат ташкилотига тақдим этилиши таъкидланди. Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни доирасидаги бу каби тадбирлар Ўзбекистоннинг барча минтақаларида бўлиб ўтди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг